Исроил ўз қўшинларини юксак жанговар шайлик ҳолатига келтирган. Бунга оид қарор Эрон ва Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи (АҚШ ва қатор давлатларда террор ташкилоти деб тан олинган) Исроил ҳудуди бўйлаб зарба бериши юзасидан хавотирлар манзарасида қабул қилинган. Бу ҳақда The Wall Street Journal ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
Нашр қайдича, Исроил Эрон ва “Ҳизбуллоҳ” томонидан ҳужумга ҳозирлик кўрилаётганини пайқаган, бироқ зарба берилиш-берилмаслиги ҳали ҳам номаълум. Исроил армияси вакили Даниэль Хагарига кўра, авиация Ливан билан чегарада посбонликни кучайтирган, бироқ аҳоли учун янги кўрсатмалар ҳозирча берилган эмас.
Аввалроқ Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони ҳарбий бўлинмалар хизматчилари учун хорижга сафарларни тўхтатиш ҳақида буйруқ берган.
Ливан нашрлари “Ҳизбуллоҳ” Байрут жанубидаги ўз офисларини кўчиришни бошлагани ҳақида хабар қилмоқда. Шунингдек, ташкилотнинг сиёсий қароргоҳлари ҳам ёпилмоқда. Манбалар бу ҳолат Исроилга ҳужум қилинган тақдирда, унинг жавоб бериши кутилаётганидан дарак эканини иддао қилишмоқда.
“АҚШ минтақага сувости кемасини йўллаган ва иккинчи учоқ ташувчи кемаси етиб келишини тезлаштирмоқда”, деб ёзган The Wall Street Journal.
АҚШ президенти Жо Байден Германия, Франция, Италия ва Буюк Британия лидерлари билан Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилган. Оқ уй вакили AFP агентлигига Вашингтон Исроилга қатор ҳужумлар қилиниши мумкинлигига тайёр эканини маълум қилган.
Қатор мамлакатлар лидерларининг Оқ уй сайтида ёйинланган баёнотида Эрон Исроилга ҳарбий ҳужумдан воз кечишга чақирилган.
Бу орада Fox News телеканал ўз манбаларидан олинган маълумотга таянга ҳолда Исроилга ҳужум 24 соат ичида содир бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар қилган.