Исроил ўз қўшинларининг бир қисмини Ғазодан олиб чиқиб кетди

Исроил ҳарбийлари Ғазо сектори чегарасида, 2024 йил 4 апрели

Исроил армияси (ЦАХАЛ) 7 апрель куни Ғазо секторининг жанубий қисмидан қуруқликдаги қўшинларини олиб чиқиб кетишини билдирди. Хусусан, Хон Юнус шаҳри учун тўрт ой давом этган жанглардан кейин Исроилнинг 98-дивизиясини секторни тарк этган. Ғазода айни пайтда фақат биттагина бригада қолмоқда.

Kan радиостанцияси ҳарбийлардан олинган маълумотга таянган ҳолда, қўшинларнинг олиб чиқиб кетилиши АҚШ дохил турли давлатлар томонидан бўлаётган сиёсий босим билан боғлиқ эмаслигини хабар қилди. Haaretz нашри эса армия вакилининг 98-дивизия жанглар давомида ҲАМАС гуруҳининг Хон Юнусдаги отрядларини тор-мор қилгани, шунинг учун унинг бундан буён Ғазода бўлишидан оператив маъно йўқлигига оид сўзларидан иқтибос келтирган.

Олти ой муқаддам — 2023 йил 7 октябрида Фаластиндаги ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган) Ғазо сектори ҳудудидан Исроилнинг чегара ҳудудларига ҳужум қилган эди. Ҳужум чоғида 1200 чоғли одам ўлдирилган, 250 атрофида одам гаровга олинганди.

Бунга жавобан Исроил Ғазо секторини бомбардимон қила бошлаган, кейин эса қуруқликдаги амалиётига ўтган. Исроил амалиётдан мақсад ҲАМАСни тор-мор қилиш, гуруҳни Ғазо устидан назоратдан маҳрум этиш ҳамда гаровдагиларни озод қилиш эканини билдирган.

Жанг бошланганидан буён олти ой ўтиб ҳам ҲАМАС сектор ҳудудининг бир қисмини, хусусан унинг жанубий қисмидаги Рафаҳ шаҳрини назорат қилиб турибди. Бошқа жойлардан кўчишга мажбур бўлган фаластинлик тинч аҳолининг катта қисми ҳам айни пайтда Рафаҳда жон сақламоқда.

Исроил расмийлари Рафаҳда ҲАМАСга қарши амалиётга ҳозирлик кўрилаётганини билдиришган, бироқ АҚШ дохил дунёдаги кўплаб мамлакат, тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини урғулаб, шу кунда бундай амалиётга қарши чиқишяпти. Исроил ҳарбийлари қўшинлар Хон Юнусдан олиб чиқилганидан кейин фаластинликлар Рафаҳдан бу шаҳарга қайтишлари мумкинлигини айтишяпти.

Фаластин тарафи маълумотларига кўра, жанглар билан кечган олти ой ичида Ғазо секторида 33 мингдан зиёд одам нобуд бўлган. Исроил томони ҲАМАСнинг 12 мингдан кам бўлмаган жангариси ўлдирилганини иддао қилмоқда. Қурбонлар тўғрисидаги маълумотни мустақил манбалар орқали тасдиқлатиш имкони йўқ.

Исроил армияси ярим йил ичида 600 га яқин одам йўқотган, улардан қарийб 260 нафари Ғазо секторида қуруқликдаги амалиёт бошланганидан кейин ҳалок бўлган. Исроил ҳарбийлари гаровдаги 34 кишининг ҳам ўлганини тасдиқлашган. Уларнинг ҳисоб-китобига кўра, айни пайтда 95 киши фаластинликлар томонидан гаровда тутиб турилибди.

Гаровдаги кишиларнинг 100 дан зиёди ноябрь ойидаги сулҳ пайтида озод қилинган. Ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш бўйича музокараларнинг сўнгги раундлари ҳозирча натижа бергани йўқ.