Исроил армияси 12 февраль куни авиация ҳужуми ёрдамида Рафаҳ шаҳрида бири аргентиналик, яна бири исроиллик - икки нафар гаровдаги шахсни озод қилишга муваффақ бўлган. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги масъулларига кўра, мазкур ҳаво зарбалари натижасида 67 нафар фаластинлик қурбон бўлган, ўнлаб одам яраланган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.
“Тунда ҲАМАС террор ташкилоти томонидан ўғирлаб кетилган икки нафар гаровдаги шахс - 60 ёшли Фернандо Симон Марман ва 70 ёшли Луис Хэйр қутқарилди”, дейилган ЦАХАЛ матбуот хизмати хабарномасида.
Исроил армияси матбуот котиби озод қилинган ҳар икки кишининг аҳволи “яхши” эканини, улар тиббий кўрикдан ўтиш учун касалхонага йўлланганини маълум қилган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 9 февраль куни ҲАМАС гуруҳига қарши янги амалиёт арафасида ҳарбийларга Рафаҳдаги тинч фуқароларни эвакуация қилишни буюрган эди. Исроил армияси ҲАМАСга қарши қуруқликдаги амалиётини бошлагани ортидан Ғазо секторида яшовчи аҳолининг қарий ярми Рафаҳ шаҳрига қочиб борган эди.
Гуманитар ташкилотлар Исроилнинг Рафаҳга ҳужуми Ғазодаги шусиз ҳам ўта оғир бўлган вазиятни янада ёмонлаштириб юбориши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда, дея қайд этган Associated Press. Рафаҳдаги амалиёт қочқинлар учун ҳалокатли бўлиши ҳақида кўплаб хорижий давлатлар лидерлари ҳам баёнот берганлар.
Бир кун аввал Фаластин Қизил Ярим ой жамияти Исроил армияси Рафаҳга зарба бераётгани ҳақида маълум қилган. ЦАХАЛ эса, ўз навбатида, Ғазо сектори жанубига зарба бераётганини қайд этган.
Ўтган йил 7 октябрида ҲАМАС жангариларининг Исроил жанубига ҳужумида 240 дан зиёд киши гаровга олинган эди. Жанговар ҳаракатлар тўхтаб турган пайтда 110 киши Исроилга қайтарилган, яна 124 киши фаластинликлар қўлида гаровда қолмоқда. Гаровдагиларнинг 30 нафардан кўпроғи Исроил расмийлари томонидан ўлган, дея эълон қилинган.