Исроил шимолига дрон ҳужуми оқибатида 70 чоғли киши яраланди

Исроил хавфсизлик кучлари мамлакат шимолидаги Бинямин шаҳри яқинида дрон зарбаси содир бўлган жойда

Исроил шимолида ҳужум дрони портлаши оқибатида камида 67 киши тан жароҳати олган. Бинямин — Гиват-Ада аҳоли пунктида портлаган дрон Ливан ҳудудидан, тахминларга кўра, “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи аъзолари томонидан учирилган.

Дрон одамлар ғуж бўлиб турган жойга тушган. “Кешет 12” телеканали хабарига кўра, ҳужум чоғида Исроилнинг ҳаво зарбалари ҳақида олдиндан хабардор қилиш тизими ишламаган. Зарба маҳаллий вақт билан соат 19 атрофида берилган, унда камида учта дрон иштирок этган бўлиб, улардан иккитаси, Исроил армияси маълумотига кўра, уриб туширилган.

“Ҳизбуллоҳ”нинг юқори лавозимли аъзоси “Ал-Жазира” телеканалига зарбага ўз гуруҳи алоқадорлигини маълум қилган. Унга кўра, ҳужум дрон галаси ёрдамида амалга оширилган.

“Ҳизбуллоҳ” АҚШда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқи эса “Ҳизбуллоҳ”нинг фақат қуролли қанотини террор ташкилоти деб билади, депутатлари Ливан парламентида ўтирган “Ҳизбуллоҳ” партияси эса, ЕИ фикрича, террор ташкилоти эмас.

Исроил Ливан томонидан ўз ҳудуди мунтазам равишда ўққа тутилгани ортидан сентябрь ойида “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳарбий амалиёт бошлаган. У ерда ҳаракат лидери Ҳасан Насруллоҳ ва бошқа юқори лавозимли мулозимлар ўлдирилган. 30 сентябрь куни Исроил гуруҳга қарши чекланган амалиёт олиб бораётганини билдириб, Ливан ҳудудига қўшин киритган.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил ҳаво зарбалари ва қуруқликдаги амалиёти натижасида сентябрь ойи ўртасидан бери мамлакаатда 1300 нафардан зиёд одам ҳалок бўлгани ва 3800 чоғли киши яралангани ҳақида билдирган. Маълумотларга кўра, жанговар ҳаракатлар кетаётган ҳудудларда миллиондан ортиқ одам уйларини ташлаб кетган.

Исроил “Ҳизбуллоҳ”нинг ўтган йил кузидан буён давом этаётган ракета зарбалари натижасида ўнлаб фуқароси ўлгани ҳақида хабар қилган. Ливан чегараси яқинида яшайдиган исроилликлардан 100 минг чоғли одам уйларидан кўчирилган.