Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти 26 октябрь куни Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш чақириғи билан чиқди. Чақириқ ҳар икки тарафга ҳам йўналтирилган, бироқ ҳужжатда Исроилнинг ҳарбий ҳаракатлари сектордаги тинч аҳолига азият етказаётгани қайд этилган.
Amnesty International Исроилдан Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказишни қайта йўлга қўйиш ва ҳудудни қамал қилишни тўхтатишни талаб қилган. Ҳуқуқ фаоллари ҳар икки томон тарафидан амалга оширилган ҳарбий жиноятларни текширишга чақиришган.
Мазкур баёнот Исроилнинг кескин реакциясига сабаб бўлди. Исроил Ташқи ишлар вазирлиги вакили Лиор Хайат Amnesty International’ни “антисемит ташкилот” деб атади ва уни нохолисликда айблади.
“Уларда ўзларини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилот деб тақдим этишга маънавий авторитет етарли эмас”, деган у.
Хайат 7 октябрь куни ҲАМАС Исроилга ҳужум қилганида ва болалар дохил кўпчилигини тинч аҳоли вакиллари ташкил қилган 1400 дан зиёд исроиллик ўлганида бунга зудлик билан муносабат билдирмаганини эслатган.