Исроил ва ҲАМАС вақтинча оташкесим бўйича келишувга эришди

Иллюстратив сурат

Исроил ҳамда ҲАМАС радикал гуруҳи (АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган) ўт очишни вақтинча тўхтатиш ҳамда 2023 йилнинг 7 октябридаги ҳужум чоғида гаровга олинган исроилликларнинг бир қисмини озод қилиш юзасидан келишувга эришишган. Бу ҳақда, Reuters агентлиги хабарига кўра, Қатар бош вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний матбуот анжуманида эълон қилди.

Келишувга эришилганини Исроил расмийлари ҳам, ҲАМАС вакиллари ҳам тасдиқлашган. Сулҳ шартномаси 19 январдан бошлаб амалда бўлади.

Исроил нашрлари келишув шартларини очиқлашган. Унга кўра, ҲАМАС исроиллик 33 нафар гаровдаги шахсни озод қилади, бунга жавобан Исроил ҲАМАС билан ҳамкорлик қилганликда ва исроилликларга ҳужумларда айбдор деб топилган маҳбусларни қамоқдан озод қилиш мажбуриятини зиммасига олади. Гаровга олинган ҳар бир фуқаровий шахс учун ҲАМАСга 30 нафар маҳкум, ҳар бир ҳарбий учун эса 50 нафар маҳкум қайтарилади.

Айни пайтда озод қилинаётган гаровдагиларнинг қанчаси тирик экани, қанчасининг жасади қайтарилишига аниқлик киритилган эмас.

Келишувда ўт очишни олти ҳафтага тўхтатиш, Ғазо секторига гуманитар ёрдам юкланган 600 та юк машинаси йўллаш ва ЦАХАЛ (Исроил армияси) қўшинларининг сектордан босқичма-босқич олиб чиқиш кўзда тутилган.

ҲАМАС гуруҳи 2023 йил 7 октябрида Исроил жанубига уюштирган ҳужуми чоғида 250 дан зиёд одамни гаровга олган. Уларнинг бир қисми музокаралар давомида озод этилган.

Мазкур ҳужумларга жавобан Исроил Ғазода кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлаган. Амалиёт чоғида, ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 45 мингдан зиёд фаластинлик ўлдирилган.