Исроиллик ҳарбийлар Ливанга ҳужум режасини тасдиқлашди

Кирят-Шмона шаҳри яқинида Исроил қўшинлари билан "Ҳизбуллоҳ" жангарилари ўртасидаги тўқнашувдан лавҳа

Исроил армияси Шимолий ҳарбий округи қўмондони генерал Ори Гордин ва Бош штаб Тезкор бошқармаси бошлиғи Одед Басюк 18 июнь куни Исроил армиясининг Ливан ҳудудига ҳужуми режасини тасдиқлашган. Бу ҳақда Times of Israel нашри хабар қилди.

Қўмондонлик қўшинларни тезкор равишда жанговар шайлик ҳолатига келтириш ҳақида ҳам қарор қабул қилган.

Бу маълумот Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи ва унинг иттифоқчилари бўлган фаластинлик қуролли отрядларнинг Исроил шимолига ҳужумлари кўпайган пайтда пайдо бўлди.

Аввалроқ Исроил ўтган йилнинг 7 октябрида содир бўлган аёвсиз ҳужумлар манзарасида бундан буён ўз чегаралари яқинида “Ҳизбуллоҳ”нинг юришига тоқат қилолмаслигидан огоҳлантирган.

Исроил расмийлари қуролли можарони тўхтатиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатлар муваффақиятсиз якунланган тақдирда, Исроил армияси “Ҳизбуллоҳ”ни шимолий йўналишдан сиқиб чиқариш учун ҳарбий амалиёт бошлашини билдирган.