Исроиллик раввин ўлимида гумонланган ўзбекистонликлар қўлга олинди

Иллюстратив сурат

Бирлашган Араб Амирликларида исроиллик раввин ўлимида гумонланган уч нафар ўзбекистонлик қўлга олиган. Бу ҳақда Reuters агентлиги БАА Ички ишлар вазирлиги маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

ИИВ баёнотига мувофиқ, қотилликда гумонланаётганларнинг исми Олимбой Тоҳирович, Азизбек Комилович ва Маҳмуджон Абдураҳим бўлиб, улардан икки нафари 28 ёшда, яна бири эса 33 ёшдадир.

Вазирлик баёнотида Бирлашган Араб Амирликлари расмийлари томонидан олиб борилаётган тергов давом этаётгани билдирилган, бироқ қўлга олинган шахсларга нисбатан айблов эълон қилиниб-қилинмагани очиқланган эмас.

Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси Reuters агентлигининг бу борадаги сўровини жавобсиз қолдирган.

Бирлашган Араб Амирликларида 24 ноябрь куни Исроиллик раввин Цви Коганнинг жасади топилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

2020 йилдан буён БААда истиқомат қилаётган Исроил ва Молдова фуқароси Коган яҳудийларнинг “Хабад Любавич” ортодоксал диний ҳаракатини тамсил этиб келган.

Коганнинг автомобили Абу Дабидан 150 километр наридаги шосседа топилган. Амирлик расмийлари раввиннинг ўлдирилиш сабабларига оид бирор маълумотни очиқлашмаган.

Исроил бош вазири офиси ва Ташқи ишлар вазирлигининг қўшма баёнотида Коганнинг ўлими “мудҳиш антисемитча террор хуружи” деб аталган. Баёнотда айбдорлар қаерда бўлишларидан қатъи назар, Исроил уларни жавобгарликка тортиш учун барча имкониятларни ишга солиши ваъда қилинган.

Исроиллик собиқ сиёсатчи Айюб Қара 24 ноябрь куни Дубайда қилган чиқишида раввинга қирилган суиқасдда Эронни айблаган. Эроннинг Абу Дабидаги элчихонаси бу айбловни рад қилган.

Аввалроқ раввин ўлимида ўзбекистонлик уч нафар фуқаро гумон қилинаётгани, улар якшанба куни БААдан Туркияга учиб кетишгани ҳақида хабар қилинган эди. БАА ИИВ раввиннинг ўлимида гумонланаётган ўзбекистонликлар қаерда ва қай тарзда қўлга олинганига аниқлик киритган эмас.

Коганнинг ўлими БААдаги бир неча минг кишилик яҳудий жамоатини шокка туширган. Исроил Миллий хавфсизлик агентлиги мамлакат фуқароларига БААга сафар қилишдан вақтинча тийилишни тавсия қилган.