Исроилнинг Ғарбий Соҳилдаги ҳарбий рейдларида 10 нафар фаластинлик ўлдирилди

Тулкаримда ҳарбий рейд ўтказаётган исроиллик ҳарбийлар, 2024 йил 28 августи

Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий Соҳилда бошлаган кенг кўламли ҳарбий операцияда 10 фаластинлик ўлдирилди. Женин шаҳри тўсиб қўйилди, дея хабар қилди Associated Press агентлиги Фаластин расмийлари маълумотига таянган ҳолда.

Уруш бошланган октабрь ойидан буён Исроил Ғарбий Соҳил бўйлаб деярли ҳар куни рейдлар ўтказиб келади. Исроил ўз фуқароларига қарши ҳужумларнинг олдини олиш учун жангариларни йўқ қилаётганини айтмоқда, Ғарбий Соҳилдаги фаластинликлар эса рейдлардан мақсад урушни кенгайтириш ва мажбуран кўчириш эканидан хавотирда.

Исроил Қуролли кучлари вакили Надав Шошани ҳарбийлар узоқ вақтдан бери жангариларнинг таянч нуқтаси бўлган Женин шаҳрига, Ғарбий Соҳил шимолидаги Тулкарем ва Ал-Фараа қочоқлар лагерига кирганини тасдиқлади. Унга кўра, ҳалок бўлган тўққиз кишининг барчаси жангари бўлган, улардан уч нафари Тулкаримдаги ҳаво ҳужумида, тўрт нафари эса Ал-Фарадаги ҳаво ҳужумида ўлган. Яна беш гумондор ҳибсга олинган.

Ғарбий Соҳилдаги Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Исроил кучлари касалхонага олиб борадиган йўлларни тўсиб қўйгани, Жениндаги бошқа тиббиёт муассасаларини эса ўраб олганини билдирди.

Шошани буни жангариларнинг шифохоналарда бошпана топишига йўл қўймаслик, дея изоҳлади.

AP мухбири Исроил ҳарбий машиналари Ал-Фараа лагерига кириш йўлларини тўсиб қўйганига гувоҳ бўлган.

Жанглар натижасида инфратузилма вайрон бўлган. Отишмалар тез-тез қайталаниб турибди.