Туркиянинг Истанбул шаҳрида 27 февраль куни АҚШ ва Россиянинг элчихоналар фаолиятини тиклашга доир музокаралари бўлиб ўтди.
Гувоҳлар қайдича, музокаралар 6,5 соатча давом этган. Томонлар матбуот учун баёнот беришмаган − бундай тадбир режаланмаган эди. Музокаралар мазмун-моҳияти ҳақида ҳали ҳеч қандай тафсилот йўқ.
Учрашув бошланиши олдидан “кун тартибида кадрлар таъминоти, визалар, дипломатик банк операциялари ва боқша операцион масалалар” борлиги айтилган – бу ҳақда Reuters агентлигига АҚШ Давлат департаменти вакили билдирган.
“Украина масаласини муҳокама қилиш режаланмаган, сиёсат ва хавфсизлик масалаларини ҳам”, дея урғулаган у.
Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Истанбулдаги учрашувда Москва ва Вашингтондаги элчихоналар ҳамда Россиянинг Нью-Йорк ва Хьюстондаги консулхоналари фаолияти муҳокама қилинишини қайд этган. Унинг айтишича, музокаралар якунига кўра “биз қанчалик тез ва самарали илгарилашимиз мумкинлиги маълум бўлади”.
Лавров муҳокамада “юқори даражадаги дипломатлар, экспертлар” иштирок этишини қўшимча қилган. Reuters маълумотига кўра, музокараларда ўз мамлакатлари делегацияларига АҚШ томонидан Давлат котиби ўринбосари Соната Коултер, Россия томонидан эса ТИВ Шимолий Атлантика департаменти директори Александр Дарчиев раҳбарлик қилган. Дарчиев Россиянинг АҚШдаги элчиси лавозимига номзод экани айтилган.
Аввалроқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио АҚШ ва Россия Москва ва Вашингтондаги элчихоналар штатини тиклаш ҳақида келишувга эришгани ҳақида маълум қилган эди. 2016 йилдан буён ҳар икки мамлакат ўзаро юзлаб дипломатни бадарға қилган эди. Ҳозирда иккала мамлакат элчихоналари ва консулхоналари чекланган тартибда иш олиб боришмоқда.