Истанбулдаги ёнғинда уч ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Истанбул шаҳри Кадикўй тумани Фикиртепе маҳалласида 9 октябрда юз берган портлаш натижасида келиб чиққан ёнғинда Ўзбекистоннинг уч нафар фуқароси вафот этди, деб хабар берди Туркиянинг Haberturk нашри.

Хабарда айтилишича, ёнғин уч қаватли бинонинг учинчи қаватида соат 19.05 да бошланган. Ёнғиндан олдин портлашга нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум. Ёнғин уч соат давомида 56 та ўт ўчирувчи ва 19 техника воситасида ўчирилди. Ёнғин юз берган бинодан уч кишининг жасади топилган.

Ёнғин пайтида жароҳатланган Ўзбекистон фуқароси А. К., касалхонага ётқизилган. Унинг 68 ёшли отаси М. К., 10 ёшдаги қизи Н. К., ҳамда шахси аниқланмаган яна бир киши эса ҳалок бўлган.

«Газета.uz»нинг хабар беришича, Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ходимлари “жароҳатланган фуқаронинг аҳволидан бохабар бўлиб турибди, шунингдек, марҳумларнинг жасадларини Ўзбекистонга жўнатиш масалалари билан шуғулланмоқда”.