Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан 2023 йилда қидирувга берилган Мунисахон Алижонова қўлга олинган.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси маълумотига кўра, 23 ёшли М. Алижонова Туркия полицияси ва Ўзбекистон ИИВ Тезкор-қидирув департаменти Қидирув бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир чоғида ушланган.
Ўзбек дипломатлари одам савдосида айбланаётган ва жиноят оламида “Моня” лақаби билан танилган бу аёлнинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси ёки Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилишни сўраган. Айни пайтда консулхона хабарномасида М. Алижонованинг конкрет қандай жиноятларда гумонланаётганига аниқлик киритилган эмас.
Аввалроқ Озодлик январь ойида халқаро қидирувда бўлган тўрт нафар аёл Истанбулдан Ўзбекистонга йўллангани ҳақида хабар қилган. Улардан уч нафари қўшмачиликда, яна бири фирибгарликда гумонланаётгани айтилган.