Ўзбекистонлик 24 яшар меҳнат муҳожири Нозимжон Зиёев 28 июль, эрталаб соат 6 да Истанбулнинг Фотиҳ тумани Оқсарой даҳасида номаълум шахс томонидан пичоқлаб кетилди.
Яқинларига кўра, юрагига пичоқ урилган Нозимжон Зиёев, орадан беш соат ўтиб, Фотиҳ туманидаги Cаматя давлат касалхонасида вафот этди.
Истанбул шаҳар полицияси қотилни тутиш учун қидирув ишларини бошлаган.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консуллиги вакили маййитни ватанига қайтариш бўйича амалий ёрдам кўрсатилишини билдирди.
Соҳил бўйидаги жанжал
Қотиллик Нозимжон Зиёев таниш қизи ва бир ҳафта муқаддам Тошкентдан келган қариндоши Шуҳрат Пўлатов билан тунги клубдан чиқиб, Истанбул шаҳри, Оқсарой даҳасининг Қумкапи мавзеидаги денгиз соҳилида сайр этаётган пайтда юз берган.
Шуҳрат Пўлатовнинг айтишича, 10-17 ёшлардаги етти-саккиз нафар “уйсиз, дайди болалар”дан бири Нозимжон Зиёевнинг смартфонини олиб қўяди.
Ўртада чиққан жанжал пайтида болаларнинг ёши каттаси қўққисдан Нозимжоннинг юрагига пичоқ санчади.
- Нозим бир-икки қадам ташладида йиқилиб тушди. Мен ўша томонга қараганимда, икки қадам ташлаганини кўрдим. Йиқилиб тушди, қоқилиб тушди, деб ўйлаб, югуриб ёнига келсам , қон келаяпти. Лекин пичоқлаб қўйганини кўрганим йўқ, деди ҳодиса гувоҳи бўлган Шуҳрат Пўлатов.
Соҳил бўйида сайр қилиб юрган одамлар зудлик билан полиция ва "Тез ёрдам"га қўнғироқ қилади.
Яқинларига кўра, Нозим Зиёев Фотиҳ туманидаги Саматя давлат касалхонасига олиб кетилади, аммо орадан беш соат ўтиб, ҳушига келмай вафот этади.
Озодликнинг Истанбул морг идорасидан олган аутопсия ҳисоботида Нозимжон Зиёевнинг “кесувчи, тешувчи ускунадан яраланиш” оқибатида ҳалок бўлгани қайд этилган.
Қотил қидирилмоқда
Шуҳрат Пўлатовнинг айтишича, Истанбул полицияси ҳодиса гувоҳларидан 28 июль, куннинг биринчи ярмида кўрсатма олган, соҳил бўйидаги камера ёзувларини кўздан кечириб чиққан.
Оқсарой полицияси ҳодиса юзасидан тергов иши қўзғатилгани, Нозим Зиёевни пичоқлаган шахс қидирилаётганини билдирди.
Истанбулдаги Ўзбекистон Бош консуллиги вакили маййитни Ўзбекистонга юбориш ишлари бошланганини маълум қилди.
Бўлиб ўтган ҳодиса ҳақида Нозимжон Зиёевнинг Ўзбекистондаги яқинлари хабардор этилган.
Сирдарё вилоят, Оқ олтин туманида деҳқон оиласида улғайган Нозимжон Зиёев бир йилу уч ой муқаддам иш излаб Истанбулга йўл олганди.
Оиладаги беш фарзанднинг каттаси бўлган Нозимжон Зиёев уч ойдан буён Истанбулнинг Оқсарой даҳасида жойлашган меҳмонхоналардан бири ресторанида официантлик қилаётганди.
Истанбулдаги қотилликлар
Нозимжон Зиёев Истанбулда охирги икки ой ичида қуролли ҳужумда ҳалок бўлган учинчи ўзбекистонликдир.
30 май куни Истанбулнинг Гўзтепе маҳалласида гиламга ўралган аёл жасади топилганди.
31 май куни эса Истанбулнинг Чекмекой мавзесида наманганлик 31 ёшли Одилжон Аҳмаджонович Ҳамзаев пичоқлаб кетилганди.
Туркияда қанча ўзбекистонлик борлиги тўғрисида расмий маълумот йўқ. Баъзи манбаларда 70 минг ўзбекистонлик бор дейилса, баъзиларида 200 минг нафар борлиги айтилади.
Аввалроқ The Diplomat нашри Туркияда 30 минг нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири борлиги, лекин уларнинг икки мингга яқинигина қонуний ишлаётгани ҳақида хабар берганди.