Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ўзбекистон ИИВ томонидан халқаро қидирувга берилган Санъат Шарипов (1994 йилда туғилган) ушланган.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси қайдича, фирибгарлик жиноятини содир этганликда гумонланган бу шахс “Туркия ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида” қўлга олинган.
Ўзбек дипломатлари исми зикр этилган шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон ИИВга мурожаат қилишни сўраган.
Аввалроқ бош консулхона фирибгарликда гумонланаётган Саидумархон Мусаев ҳамда одам савдосида гумонланаётган Мунисахон Алижонова Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилингани ҳақида маълумот тарқатган.
Истанбулда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан 2023 йилда қидирувга берилган ва жиноят оламида “Моня” лақаби билан танилган Мунисахон Алижонова 13 февраль куни қўлга олингани ҳақида Озодлик ўтган ҳафта хабар қилган эди.