Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган тунги клубдаги ёнғин туфайли ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонликлар йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси маълумот тарқатди.
Турк матбуотига кўра, Истанбулнинг Бешиктош туманидаги 16 қаватли тураржой биносининг пастки қаватида жойлашган Masquerade тунги клубида 2 апрель куни чиққан ёнғин натижасида камида 29 киши нобуд бўлган.
Тунги клубнинг Рамазон ойи муносабати билан вақтинча фаолият юритмаётгани ва у ерда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани айтилган. Айрим нашрлар маълумотига кўра, ёнғин келиб чиқишига пайвандлаш ишлари олиб борилаётган пайтда баллон портлаши сабаб бўлган. Қурбонларнинг барчаси клуб таъмироти билан шуғулланаётган ишчилар бўлган.
Ҳодиса ортидан прокуратура жиноят иши қўзғатган, 8 киши қўлга олинган. Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси ёнғин ҳодисаси туфайли қўлга олинганлар орасида ҳам ўзбекистонликлар йўқлигини қайд этган.