Италия президенти Сержо Маттарелла Шавкат Мирзиёев билан “Кўксарой” қароргоҳида ўтган музокаралар чоғида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига тез фурсатда киришини ҳамда Европа Иттифоқи билан кенгайтирилган шериклик тўғрисидаги битимнинг қабул қилинишини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, музокараларда томонлар стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш режаларини муҳокама қилди.
Учрашувда 2024 йилда ташқи ишлар вазирлари даражасидаги Стратегик мулоқотнинг биринчи йиғилишини ўтказишга келишилди.
Хабарда таъкидланишича, ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш 30 фоизга ошган. Қўшма лойиҳалар портфели 9 миллиард еврони ташкил этган.
Мирзиёев миллий иқтисодиётни модернизация қилиш лойиҳаларида Ўзбекистон Италиянинг илғор ва юқори технологик компанияларини жалб қилишдан манфаатдор эканини билдирди.
Бундан ташқари Ўзбекистон ва Италия ҳудудлари форумини таъсис этиш ва унинг илк учрашувини келгуси йил Самарқандда ўтказиш таклиф қилинди.
Шунингдек, Италияда қўшма тасвирий санъат кўргазмаларини ўтказиш режалари муҳокама қилинди.
9 ноябрь куни Тошкентга етиб келган Италия президенти Сержо Маттарелланинг Ўзбекистонга расмий ташрифи 11 ноябргача давом этади.
Сержо Маттарелла Самарқанд ва Хива шаҳарларига саёҳат қилади.