Марказий Осиёнинг икки йирик давлати Ўзбекистон ва Қозоғистонда советлар бошқарувининг илк даврида қатағон қилинган ислоҳотчилар хотираси ҳужжатли фильмлар, телесериаллар ва юқори даражадаги анжуманлар орқали хотирланмоқда.
Бироқ ҳукмрон авторитар элита учун бу зиёлиларнинг улуғланиши икки тиғли қиличдек туюлади.
Бу қисман, тарихга ниҳоятда нозик масаладек қарайдиган Москванинг Сталин қатағонига нисбатан жуда сезгир бўлгани билан боғлиқ.
Аммо Марказий Осиёдаги авторитар режимларнинг ўтмишни “назорат” қилишни исташининг ўз сабаблари бор.
Жадидлар ва "Янги Ўзбекистон"
Ўзбекистонда 20-аср бошида пайдо бўлган мусулмон зиёлилари ҳаракати – жадидларга эътибор анча кучайди.
Кўпчилик жадидларни нафақат узоқни кўрган зиёлилар, балки бугунги кун учун намуна деб билади, шунинг учун ҳам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев уларни эсга олишни яхши кўрса, ажабмас.
Сўнгги бир неча ойда жадидчилик ҳаракати ва уларнинг ғоялари президент маърузаларида, ҳужжатли фильмда ҳамда Мирзиёевнинг тўнғич қизи ва бош ёрдамчиси Саида Мирзиёеванинг нутқида алоҳида олқишланди.
“Жадидлар ғоялари, орзу-истаклари Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатда ўз ифодасини топди, десак хато бўлмайди», – деди Мирзиёева 11 декабрь куни “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги конференцияда маҳаллий ва хорижлик олимлар олдида.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Президентнинг ўзи 22 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида “Янги Ўзбекистон” брендини жадидчилар ғоялари билан қиёслаган эди.
Баъзан ўзини неожадидлар деб атайдиган бугунги фаолларнинг ҳаммаси ҳам бундай ғояларни қўллайвермайди.
Қозоғистонда ўша даврдаги «Алаш» миллий ҳаракати сўнгги пайтларда эстрада маданиятида янада кўпроқ намоён бўлмоқда.
Ҳақиқатан ҳам ўтган йил иккинчи ярмида экранга чиққан, ҳаракатнинг муҳим арбоблари ҳаёти ва даври ҳақида ҳикоя қилувчи “Миржақип, Оян, Қазақ!” фильми шу қадар оммалашдики, расмийлар учун ҳам бу кутилмаган бўлди.
Кинотеатрлар уни октябрь ойи бошида намойиш қилишни тўхтатганда, жамоатчилик норозилик билдирди.
"Бундай қизиқиш бўлади деб ўйламаган эдик. Томошабин қизиқиши катта бўлгани учун уни яна бир ҳафтага узайтирдик", дея тушунтирди Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева.
Балаева фильм намойиши фақат белгиланган тартибда тўхтатилганини таъкидлаб, уни ҳали ҳам онлайн томоша қилиш мумкинлигини айтди.
Аммо тасодифми ёки йўқ, Семей шаҳрида фильмни кўрган бир фаол фильм тугагандан сўнг кинозалда нутқ сўзлагач, фильм намойишлари дарҳол тўхтатилди.
Элдос Дўсанов «Алаш» ҳаракати аъзолари ва замонавий фаоллар бошига тушаётган репрессиялар ўртасида ўхшашлик борлигига ишора қилиб, қозоғистонликларни “тарих такрорланишига йўл қўймасликка” чақирди.
Орадан бир ой ўтиб, Дўсанов одамларни рухсат этилмаган намойишларга чақиришда айбланиб, маъмурий қамоққа ташланди.
Миллат қурувчилари
“Алаш”дан фарқли равишда жадидларни соф миллий ҳаракат деб таснифлаш қийин.
Ҳаракат асосчиси қрим-татар зиёлиси Исмоил Ғаспирали бўлиб, у ўша даврнинг бошқа пантуркистик ҳаракатларидан таъсирланган эди.
Аммо ҳозир Ўзбекистонни ташкил этувчи ҳудуд ХХ аср бошларида жадидчилик фаолиятининг муҳим марказига айланганди.
Жадидлар учун жамиятни, жумладан, исломий мадрасалар ҳукмрон бўлган мамлакатдаги таълимни модернизация қилиш куннинг устувор масаласи эди.
Бир неча асрлар илгари Бухоро, Самарқанд каби шаҳарлар ислом оламининг марказлари ҳисобланган.
Аммо глобал билим ва бойлик алмашинувига ёрдам берган Ипак йўли денгиз йўли ривожланиши билан ўз аҳамиятини йўқотиб қўйди.
19-асрнинг охирига келиб, минтақа Россия империясининг билвосита назорати остида эди, бу эса Бухоронинг сўнгги амири Муҳаммад Олимхон каби ҳукмдорларга Россия протекторати остида мамлакатни бошқаришга имкон берди.
Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхон каби тошкентлик жадидлар мактаблар қурдирдилар, бу эса уларни диний консерваторлар билан қарама қарши қилиб қўйди. Газеталар чиқардилар. Уларни Чор ҳукумати ёпишдан чарчамасди.
Энг ёмони большевиклар ҳукмронлиги остида бўлди. Мунавварқори 1920-йиллар охири ва 1930-йилларда Совет раҳбари Иосиф Сталиннинг қонли тозалашлари пайтида ҳибсга олинган ва қатл этилган кўплаб жадидчилардан бири эди.
Қатағон қилинган «Алаш» етакчилари ва бошқа кўплаб диссидентлар сингари, жадидчилик ҳаракатининг кўзга кўринган аъзолари ҳам 1980-йиллар охирида Михаил Горбачёвнинг «Ошкоралик» сиёсати шарофати билан реабилитация қилинди.
Аммо 2016 йилдан бери ҳокимиятда турган авторитар президент Мирзиёев ўзини ана шу қатағонга учраганлар билан боғлаган Марказий Осиёдаги илк етакчи бўлди.
Ҳозирча бу саъй-ҳаракатларнинг чўққиси “Blue White and Green Production” томонидан суратга олинган «Армон» фильмидир. Ушбу студия Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаровга алоқадорлиги айтилади.
Ноябрь ойида чиққан фильмни айрим неожадидлар танқид қилиб, ҳукумат жадидларни ўзига мосламоқда ва унинг исломий ўзига хослигини камайтиришга ҳаракат қилмоқда, дедилар.
Жумладан, иқтисодчи таҳлилчи, жадидлар мухлиси Жамшид Муслимов ҳужжатли фильмда подшо Николай II нинг Марказий Осиёдаги модернизация сабабчиси сифатида кўрсатилишини “бутунлай нотўғри талқин” деб атади.
“[Ҳужжатли фильм] жадидларнинг Сталин даврида қатағон қилинишини давр тақозоси бўлгандек кўрсатган, яъни уларнинг мустақиллик ва давлат қуриш истаклари сабабли йўқ қилингани эътибордан четда қолган”, дейди Муслимов.
'Алаш даври ҳам келади'
Фильмнинг ўзбек режими билан яққол алоқаси борлигини ҳисобга олсак, Москва маълум даражада тоқат қилаётганини тахмин қилиш мумкин.
Бугунги Кремль Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам асосий ҳамкордир ва айни дамда у Россиянинг коммунизм ёки чоризм давридаги зулмлари ҳақидаги гапларга ҳам ниҳоятда сезгир қарайди.
2019 йилда, ҳатто энг консерватив ҳисоб-китобларга кўра, 1 миллиондан ортиқ қозоғистонликнинг ўлимига сабаб бўлган 1930-йиллардаги очарчилик ҳақидаги мустақил қозоқ ҳужжатли фильми чиққанидан сўнг, Россия Ташқи ишлар вазирлиги “миллатчилик тарафдорларини” айблаб, норозилик билдирди.
"СССР халқлари учун умумий фожиани аҳолининг айрим гуруҳларини ирқий, миллий ёки диний сабабларга кўра қасддан "йўқ қилиш" деб ҳисоблаш учун ҳеч қандай асос йўқ ва бу, юмшоқ қилиб айтганда, русийзабон аҳолиси кўп бўлган дўст мамлакатларда русларга қарши кайфият ва миллатлараро нафратни қўзғатишга қаратилган қасддан провокациядир”, дея ғазабини изҳор қилди вазирлик.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўтган йилнинг кузида қозоқ кинотеатрларида намойиш этилган “Алаш” ҳаракати ҳақидаги фильмда очиқдан-очиқ ҳукуматга қарши ёки ўта аксилрусий нарса йўқ эди.
Фильмнинг “Миржақип, Оян, Қазаклар!” номи ҳам 1909 йилда чор ҳукумати томонидан тақиқланган Алаш шоири Миржақип Дулатулининг шу номдаги китобидан олинган.
Кейинчалик Дулатули Россия фуқаролар уруши даврида тузилган Алаш Ўрда ҳукумати (Алаш мухторияти) таркибига кирди.
Фильм дастлаб Қозоғистон давлат телекомпанияси томонидан сериал сифатида намойиш этилган бўлса, кейинчалик кинотеатрлар учун тўлиқ метражли фильм сифатида кўрсатилган.
Шунга қарамай, Олмаоталик тарихчи Хангелди Абжановга кўра, ҳаракатнинг ҳар қандай тасвири замонавий қозоқ расмийларига ноқулай паралелликларни келтириб чиқаради.
“Алаш кўпроқ парламент бошқаруви учун эди. Бугун бизда супер-президент республикаси”, деди у «Озодлик» радиосига.
“Алаш дунёнинг энг ривожланган давлатлари билан алоқаларни ривожлантиришни хоҳларди. Лекин ҳукуматимиз кўпроқ постсовет мамлакатларига эътибор қаратган. Ниҳоят, «Алаш» биринчи навбатда қозоқ устуворлиги, қозоқ манфаатларидан келиб чиққан ва ҳозирги амалдорларимизнинг кўпчилиги русча ўйлайди ва Қозоғистонни Россияга яқинроқ кўришни истайди”, дейди у.
Шунга қарамай, Қозоғистон расмийлари Алашни оғзаки бўлса ҳам қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев 2021 йилда Алихон Бокейхон ва у бош вазир бўлган Алаш ҳукумати Қозоғистонга “давлатчилик намунаси” кўрсатди деган эди.
2017 йилда Алаш ҳукумати ташкил топганининг 100 йиллигига бағишланган анжуманда Тоқаевнинг ўтмишдоши Нурсултон Назарбоев янада жўшқинроқ гапирди.
«Алаш» ҳаракатининг жонкуяр ғоялари аждодларимизнинг суверен давлат, эрк йўлидаги кўрсатмаларидир. Ўша даврдаги эрк ва истиқлол ҳақидаги орзулари бугун ушалди. Бизнинг авлод бунга эришди”, деди у.
Абжанов бундай баёнотларнинг самимийлигига шубҳа қилади.
“Қозоғистон ҳукумати қозоқ халқи орасида жуда машҳур ва ҳурматли бўлган Алашга ҳурмат кўрсатмаса, ўзини жазолаган бўлади”, деди Абжанов.
"Алаш қайсидир маънода сояда қолмоқда, – деб қўшимча қилди тарихчи. – Аммо Алашнинг вақти яна келади."