“Ўзбекистонда сув таъминоти хизматлари секторини ривожлантириш ва уни институционал қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини амалга ошириш учун Жаҳон банки томонидан 239 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит, шунингдек, Швейцария давлат котибиятининг иқтисодий масалалар бўйича 7,8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги гранти ажратилади.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизматига кўра, бунга оид битимни имзолаш маросими куни кеча Жаҳон банки ва Ўзбекистон ҳукумати расмийлари ўртасида Тошкентда бўлиб ўтган музокаралар якунида ўтказилган.
Зикр этилган лойиҳа доирасида, вазирлик қайдича, Ўзбекистоннинг учта ҳудудида 500 мингдан ортиқ киши сув таъминоти ва канализация хизматларидан янада сифатли фойдалана олади.
Тадбир чоғида “Ўзбекистонда миллий инновацион тизимни модернизация қилиш” лойиҳаси бўйича молиявий битимлар ҳам имзоланган. Лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонга 50 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратилади.
Бу лойиҳа ҳукуматга бозор иқтисодиёти шароитида ишлашга қодир бўлган миллий инновацион тизимни ривожлантиришга ёрдам беради. Бу илмий ва инновацион маҳсулотлар ва хизматларни илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишланмалари ва тижоратлаштириш соҳасида давлат, илмий-тадқиқот ташкилотлари ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди.