Жаҳон банки энергетика соҳасида чиқиндиларни камайтириш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш учун Ўзбекистонда 46,2 миллион АҚШ доллари миқдорида грант ажратади.
ЖБ матбуот хизмати тарқатган маълумотга мувофиқ, мазкур грант Ўзбекистон ҳукуматига атмосферага иссиқхона газлари эмиссиясини камайтиришга, энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни рағбатлантиришга ёрдам беради ҳамда халқаро углерод бозорларига кириш учун имкон яратади.
“Лойиҳа Ўзбекистонга “углерод кредитлари”ни тўплаб бориш ва уларни халқаро углерод бозорларида сотиш имконини беради. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ва Марказий Осиёда Париж келишуви доирасидаги биринчи шундай халқаро ташаббус бўлиб, мамлакатга жаҳон углерод бозори механизмларидан фойдаланиш имкониятини беради”, дейилган ташкилот хабарномасида.
ЖБ қайдича, Ўзбекистоннинг иссиқхона газлари эмиссияси дунё миқёсида унчалик катта эмас. Бироқ мамлакат энергия интенсивлиги даражаси ва шунга мос равишда иссиқхона газларининг нисбий эмиссияси энг юқори бўлган давлатлар қаторига киради. Мазкур ҳолат энергия ишлаб чиқариш ва узатиш соҳасидаги юқори субсидиялар билан ҳам изоҳланади.
Лойиҳани амалга ошириш доирасида 2028 йилгача ҳар йили Ўзбекистонга энергия субсидияларини ислоҳ қилиш натижалари учун рағбатлантирувчи тадбирлар сифатида грант маблағлари ажратилиши режалаштирилган ва бу грантлар эмиссияларни тасдиқланган қисқариши учун ажратилади.
Тахминларга кўра, лойиҳани амалга ошириш даврида Ўзбекистон эмиссияларни тахминан 60 миллион тоннага қисқартириши мумкин. Шундан тахминан 2 – 2,5 миллион тоннаси лойиҳа доирасида сотиб олинади. Қолган углерод бирликларини Ўзбекистон лойиҳа давомида яратилган ва синовдан ўтган тизим ва механизмлардан фойдаланган ҳолда халқаро углерод бозорларида сотиши мумкин бўлади.