Жаҳон банки “Аҳолининг ҳимояга муҳтож гуруҳлари интеграцияси учун ижтимоий ҳимоянинг инновацион тизими” лойиҳасини амалга ошириш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратади.
Жаҳон банки матбуот хизмати қайдича, лойиҳа аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламидан бўлган одамлар учун ижтимоий хизмат сифатини яхшилашга қаратилган.
Лойиҳа қўшимча 2 миллион долларлик грант билан ҳам молиялаштирилиши айтилган.
Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги турли давлат идоралари, ноҳукумат ташкилотлари ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорлар билан биргаликда лойиҳани амалга ошириш билан шуғулланади.
Лойиҳани амалга ошириш орқали бутун мамлакат бўйлаб маҳаллалар даражасида фаолият юритувчи 50 дан зиёд ижтимоий хизмат кўрсатиш марказларини (уларнинг хизматлари аҳолининг энг ночор қатламига йўналтири) барпо қилиш; қариялар, ногиронлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар дохил аҳолининг ночор қатламидан бўлган 50 мингдан зиёд фуқаронинг ижтимоий хизмат кўрсатиш бўйича юқорида зикр этилган марказлар базасида сифатли ижтимоий ва реабилитацион хизматларга эришишини яхшилаш ҳамда бошқалар кўрсаткичларга эришиш кўзланган.
Мазкур дастур иқлим ўзгариши билан боғлиқ хатарлардан хабардорликни ошириш учун қишлоқ жойлардаги 100 минг нафар муҳтож фуқарони қамраб олиши айтилган.
Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, Жаҳон банки Ўзбекистонда 27 та лойиҳани амалга оширмоқда. Бу лойиҳаларнинг умумий қиймати 6,07 миллиард долларга тенг бўлиб, ундан 2,4 миллиарди ҳали ўзлаштирилган эмас.
Ўзбекистон президенти томонидан тасдиқланган 2024 йил бюджети қонунида жорий йилда мамлакатнинг қарз олиш лимити 5 миллиард доллар даражасида белгиланган эди. Бундан 2,5 миллиард доллар бюджет камомадини ёпишга, 2,5 миллиард доллари эса инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга сарфланиши айтилган.