Жаҳон банки (ЖБ) тараққиёт сиёсатини қўллаб-қувватлаш амалиёти доирасида Ўзбекистонга қарийб 1 миллиард доллар кредит ажратишни маъқуллади.
“Gazeta.uz” нашри хабарига кўра, ушбу маблағ стратегик ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан, хусусий секторга йўналтирилган инклюзив иқтисодиёт қуриш, бозор институтларини ривожлантириш, иқтисодий ўсиш натижаларидан барча фуқаролар тенг фойдаланишини таъминлаш каби мақсадларда ажратилмоқда.
ЖБнинг молиявий кўмак пакети 470 миллион доллар қийматидаги имтиёзли ва 480 миллион доллар қийматидаги паст ставкали кредитлардан иборат. Мазкур маблағ ЖБ банки тизимидаги Халқаро тараққиёт ассоциацияси ва Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 12 йилдан 34 йилгача муддатга тақдим этилади.
“Дунёда ҳамда Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги мураккаб вазиятга қарамай, Ўзбекистон ислоҳотлар йўлида қатъий давом этишини намойиш этмоқда”, деган ЖБнинг Марказий Осиё бўйича директори Татьяна Проскурякова.
Халқаро молиявий тузилма Ўзбекистон билан 2022−2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида камбағал ва ночор оилаларни дастаклаш, хусусий секторда ишлайдиган аёлларнинг камситилиши хавфини камайтириш, нобанк кредит ташкилотлари сонини кўпайтириш, кичик тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва рақобатни ривожлантириш каби йўналишларда кўмак кўрсатмоқда.
Расмий манбаларга кўра, ЖБ мамлакатда қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, урбанизация, таълим ва соғлиқни сақлаш сингари йўналишларда 4,9 миллиард долларлик 28 та лойиҳани молиялаштиряпти.