Жаҳон банки Ўзбекистон миллий статистика тизимини модернизация қилиш учун 5 йиллик лойиҳа доирасида 50 миллион доллар миқдорида имтиёзли қарз беришга рози бўлди.
Жаҳон банки матбуот хизматининг билдиришича, лойиҳадан кўзланган мақсад Давлат статистика қўмитасининг маълумотларини халқаро меъёрларга мослаштириш ва тарқатишни яхшилашдан иборатдир. Қарз 5 йиллик имтиёз даври билан 30 йилга берилмоқда.
Лойиҳада Статистика қўмитасининг маълумотларни йиғишда тўлиғича электрон қурилмаларга ўтиши назарда тутилган. Айни пайтда эса қоғоз ҳужжатлардан фойдаланиб келинади.
Шунингдек, қўмитанинг расмий вебсайти ва унинг платформасида жойлаштирилган турли хил маълумотлар базаларини ривожлантириш режалаштирилган.