Жаҳон банки Ўзбекистонга рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва ахборот технологиялари соҳасида янги иш ўринлари яратиш учун 50 миллион доллар миқдорида имтиёзли қарз беради. Бу ҳақда 30 ноябрь куни Жаҳон банки матбуот хизмати маълум қилди.
Расман билдирилишича, имтиёзли кредит доирасида минглаб қишлоқ ёшларини «рақамли технологиялар билан ишлаш кўникмасини ривожлантириш, уларни ахборот технологиялари соҳасидаги ишларга жалб этиш» назарда тутилади.
Жаҳон банки матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, Ўзбекистон 2017 йилда 600 минг долларлик ITES хизматини кўрсатган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 140 миллион долларга етган. Аммо ўсиш кузатилганига қарамай, Ўзбекистонда ахборот ва коммуникация технологиялари соҳасидаги хизматлар ЯИМнинг 1,9 фоизини ташкил қилмоқда.
“Шу билан бир қаторда Ўзбекистоннинг 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясида IT хизматлар ҳажмини йилига 5 миллиард долларга, Ўзбекистондаги IT ширкатлар сонини 1000 тага, IT соҳасида ишлайдиган ёшлар сонини 300 мингга етказиш режалаштирилган”, дейилади Жаҳон банки билдирувида.
Жаҳон банки мазкур лойиҳа доирасида 2029 йил охиригача ITES хизмати соҳасига 25 минг киши ишга ўрнатилиши, 15 мингга яқин киши бу соҳага яқин хизматларни кўрсатувчи ширкатларга ишга жойлаштирилишини иддао қилмоқда.