Атмосферага чиқарилаётган ис гази (CO2)нинг тенг ярми жаҳон аҳолисининг ўн фоизини ташкил қиладиган энг бой кишилар ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳақда The Guardian нотенгликка қарши халқаро агентлик- Oxfam, Атроф – муҳитни ҳимоя қилиш бўйича Стокҳольм институти ва бошқа экспертлар билан ҳамкорликда олиб борган тадқиқотда маълум қилинди.
Тадқиқот муаллифларига кўра, ис гази ва парник газларининг 16 фоизини жаҳондаги энг бой одамларнинг 1 фоизи ишлаб чиқармоқда. Ҳисоб-китобларга қараганда, шунинг ўзи 1,3 миллион кишининг яқин ўн йилликда жазирамадан ўлишига етарлидир.
Бу ўлимларнинг кўпи ривожланаётган мамлакатларда юз беради. БМТ статистикасига кўра, жаҳондаги табиий офатлар ортидан юз берган ўлимларнинг 91 фоизи мана шу давлатлар ҳиссасига тўғри келади.
Иқлим ўзгаришидан асосан аҳолининг қашшоқ қатлами, этник озчиликлар, мигрантлар, кўчаларда ишловчи аёллар ва қизлар жабр кўрмоқда.
“Ўта бой кишилар сайёрани талон-торож қилмоқда ҳамда уни емирилиш даражасида ифлослантирмоқда, ўзига бундай ишни раво кўра олмайдиганлар эса бунинг учун энг катта ҳақ тўламоқда”, - деди Oxfam вакили Кьяра Лигуори.
Oxfam ўта бой кишиларга ва қазиб олувчи ширкатларга солиқларни кўпайтиришни таклиф қилмоқда. Бундан мақсад қўшимча солиқлар эвазига энг кўп жабр тортиши мумин бўлганларни дастаклаш, нотенгликни камайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтишни молиялаштиришдир.
Иқлим ўзгариши вазиятидаги адолат масаласи БМТнинг ноябрь охирида Бирлашган Араб Амирликларида ўтадиган анжуманида муҳокама қилиниши кутилмоқда.