Жаҳон туризм ташкилотининг (UNWTO) 25-Бош ассамблеяси 2023 йили Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида ўтказилади.
Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, бунга оид қарор халқаро ташкилотнинг Мадридда бўлиб ўтган 24-сессиясида қабул қилинган.
Қайд этилишича, Испания пойтахтида ўтган тадбир доирасида икки йилдан сўнг UNWTO Бош ассамблеясини ўтказиш учун Ўзбекистон ва Португалия даъвогарлик қилган. Тадбир якунига кўра, аксарият овоз билан 2023 йилги Бош ассамблеяни Самарқанд шаҳрида ўтказишга келишилган.
Мадриддаги сессияда қатнашган Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов UNWTO 25-Бош ассамблеясининг қадимий Самарқандда ўтказилиши бу ерга мингдан ортиқ хорижлик меҳмонларнинг ташриф буюриши ҳамда бу орқали маҳаллий аҳоли ва ҳунармандларнинг даромад кўришига олиб келишини урғулаган.
“Бундан ташқари, юқори даражадаги тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши жаҳон оммавий ахборот воситаларининг ҳам эътиборини тортиши шубҳасиз, бу эса охир-оқибат мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда юртимизга яна-да кўпроқ сайёҳларни жалб этиш йўлида хизмат қилади”, деган А. Абдуҳакимов.
Мазкур тадбир амалга ошса, Ўзбекистон БМТ оиласига кирувчи ташкилот Бош ассамблеясига илк бор мезбонлик қилган бўлади.
UNWTO Бош ассамблеяси икки йилда бир марта ўтказилувчи энг муҳим туристик анжуман бўлиб ҳисобланади.