Тошкент шаҳри собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Ўзбекистон парламенти юқори палатаси - Сенат аъзоси сифатидаги ваколатлари Марказий сайлов комиссияси қарори билан муддатидан аввал тугатилган.
МСКнинг 30 январдаги қарорида қайд этилишича, Ортиқхўжаев сенаторлик ваколатларини зиммасидан соқит қилиш ҳақида ўзи ариза ёзиб берган.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев 27 январь куни муддатидан аввал Тошкент шаҳар кенгаши депутати ўлароқ ваколатларини топширгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. 2020 йил январида 48-округдан Тошкент шаҳар кенгашига депутат бўлиб, кейин эса беш йилга сенатор бўлиб сайланган Ортиқхўжаевнинг депутатлик ваколати 2025 йил январида тугаши керак эди.
Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, кенгаш депутати ва сенатор ўз ваколати тугагунича дахлсизлик мақомига эга бўлади. МСКнинг кечаги қарори ҳам маҳаллий кенгаш депутати сифатида, ҳам сенатор сифатида ваколатларини топширган Ортиқхўжаевнинг бундан буён дахлсиз эмаслигини англатади.
Тошкент шаҳрини 2018 йилдан бери бошқариб келган Жаҳонгир Ортиқхўжаев 16 январь президент Шавкат Мирзиёев ўтказган энергия таъминотига доир йиғилишда ҳокимлик лавозимидан бўшатилган эди. Бунга пойтахт ҳокимининг “вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани” сабаб қилиб кўрсатилган.