Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) 2010 йил июнида “Ўш воқеалари” сифатида тарихга кирган ҳодисада “лидер бўлган” икки киши қўлга олингани тўғрисида 16 ноябрда маълум қилди.
Озодлик радиоси қирғиз хизматининг МХДҚга таяниб хабар беришича, Сузоқ туманидаги Тошбулоқ қишлоғида 13 ноябрь куни Г.Т.У. , исмли шахс ушланган. Бундан ташқари Сузоқ туманида яшовчи Р.А., ҳам қўлга олинган. Улар “Жалолобод вилоятидаги оммавий тартибсизликларнинг фаол етакчиси” бўлгани иддао қилинмоқда.
МҲДҚ баёнотида айтилишича: “У яшайдиган жой тинтув қилинганида 6,5мм калибрдаги битта “SAKO TRG-22” снайпер милтиғи, Prazise Jagen оптик воситаси, Pulsar русумидаги тунги кўриш аппарати, битта SAUER 101 карабини, битта 12 калибрдаги FABARM XLR қуроли ва 76 та ўқ топилди”.
МҲДҚ сентябрда ҳам Жалолобод вилояти Сузоқ туманида 2010 йил воқеаларига алоқадор “жиноий гуруҳ лидерлари”дан олти киши қўлга олингани тўғрисида хабар берган эди.
Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги миллатлараро тўқнашувлар 2010 йилнинг 10 июнида бошланиб, бир неча кун давом этган. Ўша пайтдаги қонли воқеалар натижасида, расмий маълумотларда қайд этилишича, 446 киши ҳалок бўлган, 2 мингга яқин киши яраланган, 57 киши бедарак. Маълумотларга кўра, бедаракларнинг 17 нафари шу кунгача топилмаган.
Халқаро экспертлардан иборат мустақил комиссия бу низо “қирғиз ҳукуматнинг этномиллатчиликка асосланган сиёсати маҳсули экани” тўғрисида хулосага келган. Аммо Қирғизистон парламенти бу хулосадан норози бўлиб, халқаро комиссия раиси Киммо Килюненни мамлакатда “исталмаган шахс” сифатида эълон қилганди.
2010 йил июнь воқеалари бўйича шу пайтгача 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилларидир.