АҚШ Коинот агентлиги – НАСА “Жеймс Уэбб” телескопи коинотда илмий изланишларни бошлаганининг бир йиллиги муносабати билан Ердан 390 ёруғлик йили масофасида жойлашган Ро Илонбардор туркумида юлдузларнинг туғилиши акс этган фотосуратларини эълон қилди. Мазкур суратлар “Жеймс Уэбб” томонидан тасвирга олинган.
Суратда ҳар бири Қуёш массаси билан тенг бўлган эликка яқин юлдуз акс этган. Улардан айримлари шаклланиб улгурган ва ёрқин нур таратмоқда, айримлари эса юлдузараро чанг қатламлари ортида бўлиб, ҳали “туғилиш”га улгурмаган.
“Бир йил ичида “Жеймс Уэбб” илк маротаба чанг булутларини тасвирга олиб ва Борлиқнинг олис нуқталаридаги ёруғликни кўриб, инсониятнинг коинот борасидаги тасаввурларини ўзгартирди. Ҳар бир янги тасвир жаҳондаги барча олимларга авваллари ўзлари орзу ҳам қилмаган саволларни бериш ва жавоб олишга имконият берувчи янги кашфиёт бўлмоқда”, – деди НАСА раҳбари Билл Нельсон.
Ўтган йилнинг 11 июлида NASA ва президент Жо Байден “Жеймс Уэбб” космик телескопи ёрдамида олинган илк суратни жамоатчиликка тақдим этганди. Унда кўп сонли галактика тасвирланган бўлиб, мазкур сурат космосга энг чуқур назардир. Тасвирнинг бир қисмида бундан 13,8 миллиард йил аввал содир бўлган Катта портлашдан кўп вақт ўтмай қолган ёруғлик бор.
Шунданг сўнг телескоп Юпитер ҳамда Пегас юлдуз туркумидаги бешта галлактикадан иборат Стефан Квинтетини тасвирга туширган.
“Жеймс Уэбб” 2021 йилнинг 25 декабрь куни Франция Гвианасида жойлашган Куру полигонидан учирилган ракета воситасида коинотга олиб чиқилган.
Мазкур телескоп борлиқни ўрганишда инқилоб ясаши башорат қилинмоқда. Телескоп коинотни инфрақизил ва оптик диапозонларда тадқиқ қилади ҳамда галактикалар эволюцияси тўғрисида янги билимларни шакллантиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари “Жеймс Уэбб” Ердан узоқ бўлган сайёраларнинг атмосферасини ўрганади. Бу эса олимларга мазкур сайёраларда ҳаёт бор ёки йўқлигини аниқлашда ёрдамлашади.
Мазкур телескопни ишлаб чиқиш учун 30 йил вақт сарфланди. НАСА бунинг учун 10 миллиард доллар ҳаражат қилди. Бу дастлабки ҳисоб-китоблардан 20 баробарга кўпдир. Телескоп “Аполлон” Ой дастури раҳабари ҳурматига “Жеймс Уэбб” деб аталди.
“Жеймс Уэбб” коинотда “Хаббл” телескопининг ўрнига ишлай бошлади. “Хаббл” бундан 31 йил олдин коинотга учирилган ва бу коинотни ўрганиш тарихидаги энг муҳим лойиҳалардан бири бўлган эди.