Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексидан жамоат жойларида ибодат либосида юрганлик учун жазони кўзда тутган модда чиқариб ташлаш режаланмоқда. Бу ҳақда Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.
Озодлик аввалроқ Ўзбекистонда жамоат жойларида ибодат либосида юришга қўйилган тақиқ “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонундан олиб ташлангани ҳақида хабар қилган, бироқ бунинг учун кўзда тутилган жазо чораси ҳали ҳам Маъмурий кодексда қолаётган эди.
Амалдаги кодекснинг 184-1-моддаси билан жамоат жойларида ибодат либосларида юрган фуқароларни базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш шаклида жазолаш кўзда тутилган.
Депутат Кушербаевга кўра, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун билан фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосида юришига йўл қўймаслик талаби бекор қилингани ортидан Маъмурий кодексдан ҳам жавобгарлик олиб ташланяпти.
Маълумотларга кўра, шу кунларда ўзбекистонлик депутатлар янги таҳрирдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни фаол муҳокама қилмоқдалар. Лойиҳа қабул қилинган тақдирда, ҳужжатнинг номи ҳам ўзгариб, “Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс”га айланади.