1 март куни Жанубий Кореядаги ўзбекистонликларнинг илк гуруҳи Тошкентда қабул қилинди.
Uzbekistan Airways авиакомпанияси самолёти билан Сеулдан Тошкентга борган ўзбекистонликлар 14 кунлик карантинга олинди.
3 ярим мингдан ортиқ одам коронавирусга чалинган бу давлатда 75 мингдан ортиқ ўзбекистонлик бор.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаевнинг Daryo.uz нашрига билдиришича, Сеулдан қайтган 253 йўловчи Вирусология илмий текшириш институти мутахассис ва эпидемиолог-шифокорлари кўригидан ўтказилган.
Йўловчиларнинг 182 нафари Ўзбекистон фуқароси, қолганлари эвакуция доирасида ҳамда транзит орқали келган хорижлик йўловчилардир.
Йўловчиларнинг 231 нафари махсус тайёрланган тиббиёт муассасасига жойлаштирилиши ва икки ҳафта карантинда сақланиши айтилди.
Хабар қилинишича, 22 нафар транзит йўловчи белгиланган тартибда изоляция қилиниб, кейинроқ Uzbekistan Airways авиакомпанияси рейси орқали ўз мамлакатига учиб кетади.
Жанубий Кореяда ўзбекистонликлар умумий сони бўйича олтинчи ўринда.
Жанубий Корея Адлия вазирлигига кўра, 2020 йил бошида бу давлатдаги ўзбекистонликлар сони 75 минг нафарга етган.
Хорижий талабалар сони бўйича Ўзбекистон 3 ўринда – жами 10 минг 499 ўзбекистонлик талаба бу давлатда таҳсил олмоқда.
1 мартга келиб, Жанубий Кореяда коронавирус билан касалланганлар сони 3 минг 736 нафардан ошди, вирусдан ўлганлар сони эса 18 кишига етди.
Янги қайд этилаётган ҳолатларнинг асосий қисми Тэгу шаҳрида - 1 мартга келиб, касалланганлар сони 2 минг 569 кишига етди. Шаҳарда барча таълим масканлари ёпилган.
23 февраль куни бу шаҳардан озодликка боғланган ўзбекистонлик талаба:
"Ҳозирча ортиқча ваҳимага ўрин йўқ, аммо шаҳарда вирусдан қўрқув бор. Лекин, мен Ўзбекистонга қайтиш ниятида эмасман. Тозаликка яхши риоя қилинса, вирусдан сақланиш мумкин, деб ишонаман", деди.
Унинг айтишича, бундан аввал Хитойда кузатилгани каби Тэгуда ҳам ниқоб танқис.
Жанубий Кореяда юрган ўзбекистонликларнинг каттагина қисми Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ишга жўнатилганлар. Шунингдек, бу давлатга келин бўлиб тушган юзлаб ўзбекистонлик аёл бор.
Қуйида бу давлатда юрган ўзбекистонликлар ҳамда коронавирус эпидемиясининг Ўзбекистон иқтисодига таъсири ҳақида 27 февраль куни эфирга берилган Ozodlive дастурини томоша қилишингиз мумкин: