Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль ўз телемурожаати чоғида мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилиши ҳақида эълон қилди. У мазкур тадбирни конституциявий тузумни шимолий кореяпараст кучлардан ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлаган, дея хабар қилди “KBS жаҳон радиоси”.
Юн Сок Ёль мухолифатдаги Демократик партияни ҳукумат ишини фалажлаш ҳаракатида айблаган.
Yonhap агентлиги маълумотига кўра, партия парламентдаги бюджет қўмитаси орқали бюджетни қисқартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ўтказган ҳамда давлат аудитори ва бош прокурор истеъфосини талаб қилган.
“Ҳарбий ҳолат эълон қилиниши эркин Корея республикасининг конституциявий қадриятларига ишонган ва риоя қилган дуруст инсонлар учун айрим ноқулайликлар яратади, бироқ мен бу ноқулайликларни имкон қадар камайтиришга ҳаракат қиламан”, дея билдирган президент.
Айни пайтда таркибига президент Юн Сок Ёль ҳам кирган ҳукмрон партия вакиллари ҳарбий ҳолат жорий этишга оид қарорни нотўғри деб аташган ва уни тўхтатишни ваъда қилишган. Мухолифатдаги Демократик партия мазкур қарор Конституцияга зид эканини билдириб, депутатларни парламент биносига йиғилишга чақиришган.
Полиция ва парламент қўриқчилари қонун чиқариш органи биносини ўраб олишган. Бинога фақат депутатлар, парламент ходимлари ва аккредитациядан ўтган журналистларгина қўйилмоқда.
Президент мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этгани ортидан ўнлаб одам парламент биноси олдига чиқишган, улар ва полиция ходимлари ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтган.