Жанубий Корея президенти уч кунлик ташриф билан Ўзбекистонда бўлади

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль (архив сурати)

Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль 13-15 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Жанубий Корея етакчиси Ўзбекистонга президент Шавкат Мирзиёев таклифига биноан келмоқда.

Қайд этилишича, мезбон ва меҳмон президентларнинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган музокараларида Ўзбекистон-Корея дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.

Савдо, инновациялар ва технологиялар алмашинуви, энергетика, электроника ва электротехника, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмавий ривожланиш ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари эътибор марказида бўлади. Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларидаги қўшма дастурлар муҳокама қилинади”, дейилган хабарномада.

Олий даражадаги музокараларда минтақавий, шу жумладан "Марказий Осиё – Корея Республикаси" форматидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашиш режаланган ҳамда саммит якунлари бўйича бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Ташрифнинг ишбилармонликка оид дастури доирасида Шавкат Мирзиёев ва Юн Сок Ёль қўшма бизнес форумида иштирок этишади.

Сафар дастури доирасида Жанубий Корея президенти Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси билан танишиш мақсадида Самарқанд шаҳрига ташриф буюриши ҳам кутилмоқда.

Юн Сок Ёль Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги уч мамлакат бўйлаб бир ҳафталик сафари доирасида келмоқда. Мазкур ташриф доирасида Жанубий Корея президенти 10-11 июнь кунлари Туркманистонда, 11-13 июнь кунлари эса Қозоғистонда бўлган.