Жанубий Корея: Шимолий Корея Россияга 7 мингга яқин ўқ-дорили контейнер йўллади

Украиналик расмийлар мулоҳазасига кўра, Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ракета парчалари, Харьков, 2024 йилнинг 6 январи

2023 йили Шимолий Корея Россияга 7 минг контейнерга яқин ўқ-дори ва бошқа ҳарбий анжомлар йўллаган. Бу ҳақда Жанубий Корея мудофаа вазири Шин Вон Сик маълум қилди.

Вазирга кўра, КХДР даставвал қурол-аслаҳала контейнерларни кемаларда йўллаётган эди, бироқ эндиликда бунинг учун кўпроқ темир йўлдан фойдаланмоқда. Шин Вон Сик ҳарбий дастак эвазига Пхеньян Россиядан 9 минг контейнердан кўпроқ ёрдам олган бўлиши мумкинигини билдирган.

Sky News телеканали қайдича, мудофаа вазири мазкур баёнотни жанубий кореялик ҳарбийлар КХДР Япон денгизи тарафга яқин масофали баллистик ракета отгани ҳақида билдирганлари ортидан бир неча соат ўтиб берган.

АҚШ ва Жанубий Корея аввалроқ КХДРни Украинага уруши пайтида Россияга снарядлар ва бошқа ҳарбий ёрдам йўллаганликда айблашган. Бу айбловлар Россия томонидан ҳам, КХДР томонидан ҳам рад этилган.

Февраль ойида The New York Times газетаси Россия ўқ-дори эвазига Шимолий Кореянинг дунё молиявий тизимига кира олиши учун имконият яратгани, шунингдек, БМТ санкциялари остига тушган КХДР активларининг бир қисмини блокировкадан чиқаргани ҳақида хабар қилган эди.