Жанубий Кореяда мамлакат тарихида биринчи марта президент ҳибсга олинди. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар қилди. Юн Сок Ёль лавозимидан вақтинчалик четлаштирилган бўлса-да, мамлакатнинг амалдаги президенти бўлиб ҳисобланади.
Президентни иккинчи уринишда ҳибсга олишга муваффақ бўлишган. 15 январь тонгида 200 чоғли полициячи ва аксилкоррупция бошқармасининг 40 нафар терговчиси Юн Сок Ёлни сўроққа олиб кетиш учун унинг қароргоҳига келишган. Бироқ 12 кун аввалги илк уринишда кузатилгани каби президент хавфсизлик хизмати қаршилигига дуч келишган.
Тақрибан икки ярим соатлардан кейин полиция ходимлари ва терговчилар уч тўсиқдан ўтиб, нарвонлардан фойдаланган ҳолда бинога кира олишган.
Юн қисқа видеомурожаат билан чиқиб, аввалгидек ўзининг ҳибсга олинишини ноқонуний деб ҳисоблашини, бироқ қон тўкилишига йўл қўймаслик учун терговчилар ва полицияга бўйсунишга қарор қилганини билдирган. У мамлакатда ҳуқуқ устуворлиги оёқости қилинаётгани, на ўзига қарши иш очган тергов идоралари, на уни ҳибсга олиш учун ордер берган суд бунга ҳақли бўлмаганини қўшимча қилган.
Сеул суди президентни ҳибсга олиш ва унинг қароргоҳида тинтув ўтказиш учун 2024 йилнинг 31 декабрида ордер берган эди. Бу иш Юн ўзини сўроққа чақирган Аксилкоррупция текширувлари бошқармасидан келган учта чақирув қоғозини эътиборсиз қолдиргани ортидан амалга оширилган.
14 декабрь куни Жанубий Корея парламенти овоз бериш натижасида мамлакат президентига импичмент эълон қилиш қарорини дастаклаган. Импичмент қарорини ёқлаб 300 депутатдан 204 нафари овоз берган, 85 нафари эса бунга қарши чиқишган.
Овоз бериш яширин йўл билан амалга оширилган. Бу импичмент учун овоз беришга иккинчи уриниш бўлиб, биринчи уринишда Юн Сок Ёлни лавозимдан четлатиш учун овоз етарли бўлмаган.
Импичмент тўғрисидаги масала парламентда 3 декабрь куни Юн Сок Ёль “КХДРнинг мамлакат ичкарисидаги тарафдорларига қарши кураш учун” ҳарбий ҳолат жорий этилиши ҳақида эълон қилганидан кейин кўтарилган. Олти соат давомида амалда бўлган фармон билан сиёсий партиялар фаолияти, норозилик чиқишлари, иш ташлашларга тақиқ қўйиб, унда цензурани ҳамда ўлим жазоси чиқариш ҳуқуқига эга бўлган ҳарбий-дала трибуналларини жорий қилиш кўзда тутилганди. Бу ҳолат Сеул кўчаларида ҳам, парламентда ҳам кенг кўламли норозилик чиқишларига сабаб бўлган.
Депутатлар ҳарбийлар томонидан парламент биноси штурм қилинаётган пайтда президент қарори бекор қилиниши учун овоз беришган. Шундан сўнг у қонунга мувофиқ равишда фармонни бекор қилишга мажбур бўлган. 7 декабрь куни президенти телевидение орқали қилган чиқишида ўз хатти-ҳаракатлари учун узр сўраган.
Юн Сок Ёль одатда Шимолий Кореяга нисбатан қаттиқ тутумга эга бўлган ўнг кучлар вакили бўлиб ҳисобланади. У 2022 йилда президент этиб сайланган. Мухолифатдаги Демократик партиянинг Пхеньянга нисбатан позицияси анча юмшоқроқ.