Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2010 йил июнь фожиасига оид Хотира куни муносабати билан халққа мурожаат қилди. Мурожаатнома матни 10 июнь куни президент матбуот хизмати томонидан ёйинланди.
“Кўп асрлик тарихга эга Қирғизистон халқи бу фожиадан бирдамлик чақириғи билан чиқишга муваффақ бўлди. Шунга қарамай, биз ҳеч қачон 2010 йилдаги бу фожеий воқеаларни унутмаслигимиз керак”, дейилган мурожаатда.
Жапаров расмийлар ҳам, халқ ҳам ёвуз ният етовида кетмаслиги лозимлигини қайд этган.
“Шахсий манфаатларга учмаган ҳолда, биз Ватанимиз Қирғизистон эканини ва биздан бошқа ҳеч ким уни ҳимоя қилмаслигини англашимиз керак”, деган президент.
Айни пайтда, Жапаровга кўра, миллий, диний ва бошқа ижтимоий гуруҳлар мамлакат Конституцияси асосидаги ҳуқуқий ҳужжатларга бўйсуниб, қонун устуворлиги қарор топган тақдирдагина, давлатимизда аҳиллик, бирдамлик ва ривожланиш бўлади”, дейилган президент мурожаатномасида.
Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги миллатлараро тўқнашувлар 2010 йилнинг 10 июнида бошланиб, бир неча кун давом этган. Июнь воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 446 киши ҳалок бўлган, 2 мингга яқин киши яраланган, 57 киши бедарак кетган. Маълумотларга кўра, бедаракларнинг 19 нафари шу кунгача топилган эмас.
Халқаро экспертлардан иборат мустақил комиссия бу низо “қирғиз ҳукуматнинг этномиллатчиликка асосланган сиёсати маҳсули экани” тўғрисида хулосага келган. Аммо Қирғизистон парламенти бу хулосадан норози бўлиб, халқаро комиссия раиси Киммо Килюненни мамлакатда “исталмаган шахс” сифатида эълон қилганди.
2010 йил июнь воқеалари бўйича шу пайтгача 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилларидир.