Жапаров БМТдаги чиқишида қирғиз-тожик чегарасидаги муаммони кўтарди

Қирғизистон президент Садир Жапаров БМТ Бош ассамблеясида, Нью-Йорк, 2022 йил 20 сентябри

Қирғизистон президенти Садир Жапаров БМТ Бош ассамблеясининг 77-сессиясидаги чиқишининг асосий қисмини Тожикистон билан чегарада юзага келган муаммога бағишлади.

Ўз чиқишида Жапаров чегара яқинида ўнлаб ҳарбий ва тинч аҳоли умрига зомин бўлган икки йирик тўқнашувга тўхталди.

“Бизда Тожикистон томонидан ўтган йилларда ва яқинда қонунга хилоф равишда ҳужум қилингани ҳақида ҳужжатлаштирилган далиллар бор. Биз биринчи бўлиб ҳужум қилмаганмиз ва қилмаймиз ҳам. Биз қурол ишлатмасликка уринамиз ва қуролсиз тинч аҳолига қарата ўқ отмаймиз. Биз Тожикистон томонидан бўлган тажовузга адекват жавоб бериш билангина чекланяпмиз”, дея иддао қилган Қирғизистон президенти.

Жапаров Қирғизистон томони Тожикистон билан “ҳар қанақа шаклда, халқаро меъёрлар асосида, юридик маданий йўл билан” музокара жараёнини давом эттиришга тайёр эканини қўшимча қилган.

Жорий йилнинг 14-17 сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашувлар кузатилган, расмий маълумотларга кўра, ўзаро отишмалар чоғида Қирғизистон томонидан 59 киши, Тожикистон томонидан эса 41 киши ҳалок бўлган.