Жапаров МДҲ лидерларининг норасмий саммитида қатнашмайди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 7 октябрда Санкт-Петербургада ўтадиган МДҲ норасмий саммитида иштирок этмайди. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Нуран Ниязалиев Озодлик радиоси қирғиз хизматига маълум қилди.

Россия матбуотининг ёзишича, норасмий саммитда Россия президенти Владимир Путин ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг 70 йиллик юбилейи нишонланиши, минтақавий барқарорлик ва хавфсизлик масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Расман Садир Жапаровнинг саммитда иштирок этишдан бош тортиши сабаблари айтилган эмас. Бироқ кузатувчилар бу Тожикистон билан муносабатларнинг совуқлашиб кетгани билан боғлиқ эканини айтишмоқда.

Путин 4 октябрда Раҳмонни II -даражадаги “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан мукофотлаган эди. 5 октябрда Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Чингиз Кустебаев бу воқеани шарҳлар экан Фейсбук саҳифасида “мукофот ўз айбдорини топди”, деб ёзган эди.

14-17 сентябрь кунлари Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида яна ўқ отилган эди. Отишмаларда қирғиз томонидан 63 киши ҳалок бўлган, 200 киши яраланган. Тожикистон эса 41 киши ҳалок бўлгани ва 200 га яқини яраланганини билдирган. Бироқ Озодлик радиоси тожик хизмати ўз манбаларига таянган ҳолда, ҳалок бўлган 74 кишининг рўйхатини эълон қилган.