Қирғизистон президенти Садир Жапаров давлат мадҳиясини ўзгартириш ғоясида ҳеч қанақа ёмонлик кўрмаётганини қайд этган. Бу ҳақда у “Кабар” давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида айтган.
Жапаровга кўра, амалдаги мадҳия бундан 33 йил олдин – Қирғизистон эндигина мустақил бўлганида ёзилган.
“Мадҳия муаллифлари ўша пайтда “мана энди озод бўлдик, мустақил мамлакат бўлдик, қирғиз халқи, ўз тақдиринг ўз қўлингда, олғалайвер” деб, қувонч ва ҳаяжон билан ёзишган. Ўшандан буён 33 йил ўтди. Биз давлат ўлароқ тўлиқ шаклландик. Бутун дунёга танилдик. Энди юз йил ўтса ҳам озодликка чиқдик, мустақил ўлка бўлдик, деб куйлаб юраверамизми?” деган Садир Жапаров.
Президент эндиликда Қирғизистоннинг мустақил давлат экани, қирғизлар 5 минг йиллик тарихга эга халқ экани ва ёш авлодни руҳлантирадиган мадҳия ёзиш мумкинлигини қўшимча қилган. Айни пайтда, Жапаровга кўра, амалдаги мадҳия ҳам ёддан чиқарилмайди ва у тарихнинг бир қисми ўлароқ сақлаб қўйилади.
“Байроқни ўнглаб қўяйлик деганда ҳам айрим демагог ва популистлар қарши чиқишганди. Ҳозирги байроғимиз ёмон бўлдими? У аввалгисидан бир босқич юқорида бўлди. Аввалги байроғимиздаги қуёш рамзи тушунарсиз бўлиб, унинг кунгабоқарми, арранинг тиғими экани маълум эди. Ҳозирги байроқни кўрган одам дарров унинг қуёш нури эканини тушунади”, дея қайд этган Жапаров.
Қирғизистон мадҳиясини ўзгартириш ғояси 25 октябрь куни парламент спикери Нурланбек Шакиев тилидан янграган. Ўшанда у амалдаги мадҳия Совет Иттифоқидан чиқилиши билан қабул қилинган бўлиб, унинг озодлик йўлидаги биринчи қадамлар бўлганини айтган. У мадҳия ҳаммага тушунарли ва ҳар қандай ёшдаги фуқаро томонидан осон ижро этиладиган бўлиши лозимлигини қайд этган. Шакиев мадҳияга аввал ҳам ўзгартишлар киритилганини, бундай ўзгартишлар бошқа мамлакатларда ҳам киритилишини қўшимча қилган.
2023 йилда Шакиев давлат байроғини ўзгартиш ташаббуси билан чиққан, кейин эса бу ғоя парламент томонидан тасдиқланган эди. Кейинроқ эса президент Садир Жапаров бу ғоя аслида унга тегишли бўлганини, шунчаки бу ғояни очиқлашни спикердан илтимос қилганини эътироф этган эди.