Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши келгуси йили бошланади. Бу ҳақда президент Садир Жапаров 8 июнь куни Жалолобод вилоятининг Тўқтағул тумани аҳолиси билан учрашув чоғида маълум қилди, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.
Жапаровга кўра, ҳозирда лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
“Бу жараённи кузгача битирсак, келаси йилдан қурилишни бошлаймиз. Уч мамлакат ҳамжиҳатлик билан иш олиб борган тақдирда, йўл уч-тўрт йилда тайёр бўлади. Ундан 200 миллион доллар даромад олишни мўлжаллаяпмиз, бу “Қамбар ота-1” ва Қумтор кони берадиган фойдадан кам эмас”, деган Қирғизистон президенти.
Аввалроқ Қирғизистон ҳукумати раҳбари Ақилбек Жапаров Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига 2022 йил кузида старт берилишини билдирган. Мулозим уни “Қирғизистон тарихида энг йирик лойиҳа” деб атаган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам “тез орада” темир йўл қурилишини бошлаш режаланаётганини тасдиқлаган, унинг ортидан Қирғизистон президенти Садир Жапаров қурилиш Кремл тарафидан маъқулланганини айтган.
Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш ташаббуси 2000-йиллар бошларида кўтарилган, аммо ҳанузгача амалга ошмай қолмоқда.