Жапаров “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунни имзолади

Қирғизистон президенти Садир Жапаров (архив сурати)

Қирғизистон президенти Садир Жапаров “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунни имзолаган. Бу ҳақда у 2 апрель куни Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилган.

Жапаровга кўра, бу қонун имзолангунига қадар Қирғизистонда фаолият юритаётган ноҳукумат ташкилотлари ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмай, ўз фаолияти ҳақида ҳисоб бермай юришган.

Улар фақат банк ҳисобрақамларини очиб, хорижлик донорлардан маблағ олиб, бу пулларни ўзлари хоҳлаганларича, жумладан шахсий мақсадлари учун ишлатиб юришган. Бундан буён улар эл қатори Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтишади. Банк ҳисобрақамларини очишади. Энди улар очиқ-ойдин ишлай бошлашади. Бунгача халқимизда “эшек жайлоо” (сўзма-сўз “эшак яйлов” дея таржима қилинадиган бу ибора “бошбошдоқлик” маъносини беради - таҳр.) деганга ўхшаш нарса бундан буён бўлмайди”, деб ёзган Садир Жапаров.

Қирғизистон президенти фикрича, мамлакатда фаолият юритаётган ноҳукумат ташкилотлари вакиллари халқаро донорларни алдаб келишган, шунинг учун ҳам улар “хорижий вакиллари тўғрисида”ги қонун имзоланишига қарши чиқишган. Жапаров бу қонун ёрдамида мамлакат расмийлари “барча бир хил шароитда ишлаши учун ҳамма нарсани очиқ кўрсатиш”ни истаётганини қўшимча қилган.

Март ойи охирида 100 дан зиёд ноҳукумат ташкилоти ва фаоллар қонун лойиҳасини имзоламаслик чақириғи билан президентга мурожаат қилишганди. Мурожаатноманинг очиқликка оид қисмида муаллифлар лойиҳа ташаббускорларининг НҲТ молиялаштириш манбалари ва харажатлар йўналиши тўғрисида ҳисобот топширмаслиги ҳақидаги иддаолари ҳақиқатга тўғри келмаслигини эслатишган.

Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ, НҲТ юридик шахсларнинг барчаси учун, шу жумладан тижорат ташкилотлари учун белгиланганидек ҳисоботлар топшириб келишади, бунинг устига, 2021 йили НҲТ учун топширилажак қўшимча ҳисоботлар белгиланганки, бундай ҳисоботлар тижорат ташкилотларидан талаб қилинмайди”, дея қайд этишган мурожаатнома муаллифлари.

Жапаров томонидан имзоланган қонун эълон қилингани ортидан 10 кундан сўнг кучга киради.

Қирғизистон парламенти “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонунни 14 март куни учинчи ўқишда қабул қилган эди. Қонун Жўғурқу Кенеш тарафидан қабул қилингунига қадар халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари ва Қирғизистон ноҳукумат ташкилотлари депутатларни бир неча бор қонун лойиҳасини қабул қилмасликка чақиришган. Уларга кўра, мазкур қонун лойиҳаси жамоат ташкилотлари учун жиддий хатар туғдиради ва фуқаровий жамият фаолиятининг асоссиз равишда чекланишига олиб бориши мумкин.

Қонунга вето қўйишга Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти бош котиби Аньес Калламар ҳам чақирган. Ҳужжат қабул қилиниши юзасидан БМТнинг Қирғизистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Антье Граве хавотир билдирган. Ўз баёнотида у қабул қилинган қонун фуқаролик жамияти фаолиятини асоссиз чеклашга олиб келиши мумкинлигини урғулаган.

Таҳлилчи ва ҳуқуқшунослар Қирғизистоннинг “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонуни қарийб тўлалигича Россиянинг “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунидан кўчириб олинганини қайд этишган.