Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров 27 октябрь куни парламент йиғилишида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига доир зарур ҳужжатлар тайёрланганини маълум қилди.
“Ўзбекистон томони билан сўнгги музокаралар якунланди. Вазирлар вертолётда ҳудудни айланиб чиқишди, зарур ҳужжатларни тайёрлашди. Биз президент Садир Жапаровнинг Хитойга расмий ташрифини кутяпмиз, аммо коронавирус муносабати билан Пекин ҳозирча ёпиқ. У очилганидан сўнг, президент ташрифи чоғида лойиҳа тақдири ҳал этилишини кутяпмиз. Қирғизистон ичидаги сўнгги йўналишлар белгиланган, темир йўлнинг 280 километр қисми бизнинг ҳудуддан ўтади, шундан 57 километри туннеллар бўлади”, деган А. Жапаров депутатларга.
У ҳозирда лойиҳани молиялашнинг турли моделлари ишлаб чиқилаётганини қўшимча қилган.
Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш ташаббуси 2000-йиллар бошларида эълон қилинган, аммо ўшандан бери амалга ошмай қолмоқда. 2002 йилда Пекин лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини аниқлаштириб, йўналишни белгилаган. Ўша мўлжалга кўра, йўл Тўруғарт довони орқали Арпа яйлови бўйлаб ўтиши, кейин эса Ўзган тумани орқали Қорасув шаҳрига етиб, у ердан Ўзбекистон томонга тортилиши керак эди. Темир йўлнинг умумий узунлиги 268 километр бўлиши белгиланган.
2017 йилда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳ тузилган, шунингдек лойиҳани амалга оширишнинг уч хил варианти кўриб чиқилаётгани ҳақида маълум қилинган.