ЖБ электр энергетикаси соҳаси ривожи учун Ўзбекистонга 380 миллион доллар қарз беради

Жаҳон банкининг ижрочи директорлар кенгаши “Электр энергетикаси тармоғини трансформация қилиш ва электр энергиясини барқарор узатиш” лойиҳасини маъқуллаган. Бу ҳақда Газета.uz Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси Ўзбекистонга 380 миллион доллар ҳамда Яшил иқлим фонди (GCF) 43 миллион доллар кредит ажратади.

Ушбу молиялаштириш Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоиз ставкаларида тақдим этилиши ва тўловнинг энг узоқ муддати 40 йилгача бўлиши айтилмоқда. Шунингдек, Яшил иқлим фонди лойиҳа доирасидаги алоҳида тадбирлар учун 4 миллион доллар миқдорида грант ажратиши кўзда тутилган.

Лойиҳа “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” учун устувор инвестицияларни молиялаштириш орқали эскирган энергия инфратузилмасини модернизация қилишга ёрдам беради. Лойиҳа фаолияти, жумладан, Ўзбекистоннинг 11 та ҳудудида 22 та эскирган юқори кучланишли подстанцияларни реконструкция қилиш, модернизация қилиш ва кенгайтиришни, шунингдек 500 киловаттлик янги подстанцияни ва электр узатиш линияларини қуришни ўз ичига олади.