Жаҳон банки ижрочи директорлари кенгаши тараққиёт сиёсатини дастаклаш амалиёти доирасида Ўзбекистонга 500 миллион доллар миқдорида молия ажратиш қарорини маъқуллади. Бу ҳақда ЖБнинг ўтган ҳафта тарқатилган хабарномасида билдирилган.
Қайд этилишича, бундан мақсад шаффоф ва инклюзив шаклда келажакдаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашишдир.
Мазкур амалиёт доирасида Ўзбекистон ҳукуматига коронавирус пандемиясининг салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатиш ҳамда 2017-2021 йилларда мамлакатнинг Ривожланиш бўйича ҳаракат стратегиясида кўрсатилган ислоҳотларни амалга оширишда кўмак кўрсатилган.
“Инқирозга қарши дастурни амалга ошириш билан бир қаторда сўнгги йилда ҳукумат мамлакатнинг очиқ, рақобатбардош ва инклюзив иқтисодиётга ўтишини тезлаштиришга қаратилган бир нечта муҳим ислоҳотни имплементация қилган”, дейилган хабарномада.
Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованеллига кўра, ЖБ томонидан маъқулланган тараққиёт сиёсатини дастаклаш амалиёти мамлакатда 2017 йилдан бери амалга оширилган муҳим ислоҳотлар бўйича ютуқларни мустаҳкамлашга ҳамда давлатнинг турли ресурслар устидан назоратини ва иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришга қаратилган мураккаброқ ислоҳотларни амалга ошириш учун мустаҳкам асос яратишга кўмаклашади.
“Мазкур амалиёт ҳукуматнинг ўтиш даврида фуқароларга энг бошданоқ конкрет фойда келтириш бўйича саъй-ҳаракатларини дастаклайди. Прописка тартиби бўйича чеклов чораларини тўхтатиш, давлатнинг пахта ишлаб чиқариш соҳасидан чиқиши, аёллар хавфсизлигини яхшилаш ва улар учун катта иқтисодий имкониятлар яратиш ҳамда кам даромадли уй хўжаликларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш кабилар айниқса COVID-19 пандемияси даврида аҳолининг энг заиф қатлами фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатади”, деган Марко Мантованелли.
Ҳозирги пайтда ЖБ Ўзбекистон бўйлаб 25 та лойиҳани дастакламоқда. Банк томонидан кўрсатилган молиявий ва техник кўмак макроиқтисодий ислоҳотлар, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, сув таъминоти ва санитария, энергетика, транспорт, ижтимоий ҳимоя, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш сингари соҳаларда қўлланиляпти.
Шу йил августида Ўзбекистон пандемия вақтида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро валюта жамғармасидан коронавирусга қарши курашиш учун 1 миллиард доллардан ортиқ кредит олгани ҳақида хабар қилган эдик.
Шунингдек, аввалроқ Озодлик Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига таянган ҳолда 2020 йил бошидан бери мамлакатнинг ташқи қарзи қарийб 5 миллиард долларга ошиб, 29,3 миллиард долларга етгани ҳақида ҳам хабар қилган.