ЖБ: Тошкентда ҳаво ифлосланиши cабаб йилига 3000 киши вафот этяпти

Архив сурати

Тошкентда PM2,5 майда заррали чанглар таъсири оқибатида йилига ўртача 3042 киши бевақт вафот этмоқда. Ўлим ҳолатларининг аксари инсульт (33 фоиз), юрак ишемик касаллиги (28 фоиз) ва пастки нафас йўллари инфекциялари (23 фоиз) билан боғлиқ.

Бу ҳақда Жаҳон банки томонидан ҳозирланган “Тошкент шаҳрида ҳаво сифатини баҳолаш ва Ўзбекистонда ҳаво сифати бошқарувини такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” номли ҳисоботда қайд этилган.

Тадқиқотда асосий эътибор Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан инсон саломатлиги учун энг катта хавф деб баҳоланган PM2,5 заррачаларига қаратилган.

Қайд этилишича, Тошкентда PM2,5 заррачаларининг концентрацияси ЖССТ тавсия этган даражадан 6 баравар юқори бўлиб, бу ҳам аҳоли саломатлигига, ҳам пойтахт иқтисодиётига жиддий зарар етказмоқда.

Ўзбекистон пойтахтида атмосфера ҳавосининг PM2,5 ифлосланиши билан боғлиқ ўртача йиллик иқтисодий харажатлар 488,4 миллион доллар деб баҳоланган. Бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 0,7 фоизи демакдир.

Экспертлар PM2,5 заррачалари билан антропоген ифлосланишнинг асосий манбалари сифатида шамол олиб келган чанг (36 фоиз), иситиш сектори (29 фоиз), транспорт (16 фоиз), енгил саноат (7 фоиз), оғир саноат (6 фоиз), шаҳар чанги (6 фоиз) ва чиқиндиларни ёқиш (1 фоиз) кабиларни кўрсатишган.

Ҳисоботга кўра, Тошкент аҳолисининг 83 фоизи ҳавоси юқори даражада ифлосланган ҳудудларда истиқомат қилади.

Ҳужжатда ҳаво сифатини бошқариш механизмини миллий даражада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилган.

Маълумот ўрнида, Тошкент жорий йилнинг 21 февраль куни ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича дунёнинг йирик шаҳарлари орасида 1-ўринга чиққан.

IQAir порталига кўра, ўша куни пойтахт ҳавосида PM2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси 171 мкг/м3 ни ташкил этган. Бу ЖССТ тавсия этган ўртача ҳаво сифати кўрсаткичидан 34,2 баробарга кўп.