АҚШ Коинот агентлиги – НАСА 25 декабрь куни Франция Гвианасида жойлашган Куру полигонидан учирилган ракета воситасида коинотга “Жеймс Уэбб” телескопини олиб чиқди.
Мазкур телескоп борлиқни ўрганишда инқилоб ясаши башорат қилинмоқда. Телескоп коинотни инфрақизил ва оптик диапозонларда тадқиқ қилади ҳамда галлактикалар эволюцияси тўғрисида янги билмларни шакллантиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари “Жеймс Уэбб” Ердан узоқ бўлган сайёраларнинг атмосферасини ўрганади. Бу эса олимларга мазкур сайёраларда ҳаёт бор ёки йўқлигини аниқлашда ёрдамлашади.
Тўрт ҳафта давомида телескоп Лагранж нуқтаси деб аталувчи йўналишга қараб ҳаракатланади. Бу нуқта Ердан 1,5 миллион километр узоқликда жойлашган. Шундан сўнг “Жеймс Уэбб” бир неча ой мобайнида жиҳозларини ишлашга мослаштиради. Телескоп илк суратларни бир ярим йилдан сўнг Ерга узатиши кутилмоқда.
Мазкур телескопни ишлаб чиқиш учун 30 йил вақт сарфланди. НАСА бунинг учун 10 миллиард доллар ҳаражат қилди. Бу дастлабки ҳисоб-китоблардан 20 баробарга кўпдир. Телескоп “Аполлон” Ой дастури раҳабари ҳурматига “Жеймс Уэбб” деб аталди.
Янги телескоп коинотда “Хаббл” телескопининг ўрнига ишлай бошлайди. “Хаббл” бундан 31 йил олдин коинотга учирилган ва бу коинотни ўрганиш тарихидаги энг муҳим лойиҳалардан бири бўлган эди.
“Жеймс Уэбб” коинотга 2007 йилда чиқарилиши лозим эди, бироқ уни учириш турли сабабларга кўра шу кунгача қолдирилиб келинаётганди.