Ўзбекистонда вояга етмаган Ш.М.нинг номусига текканликда гумонланган эстрада хонандаси Ж.У. 21 декабрь куни суд аржимига асосан қамоққа олинган. Бу ҳақда Самарқанд вилояти прокуратураси маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, хонанда Ж.У. вояга етмаган Ш.М.нинг номусига теккани ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатлар бўйича шу йил 9 октябрида Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва иш юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган эди.
Бу орада Ш.М. ўз адвокати М.Рустамова билан биргаликда вилоят прокуратурасига мурожаат қилиб, жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларидан норози эканини баён этган.
Мурожаат Самарқанд вилоят прокурори Р.Машарипов томонидан ўрганилган. Машарипов ариза муаллифи ва адвокати М.Рустамовани 2020 йилнинг 18 декабрь куни вилоят прокуратураси ва ИИБ масъуллари иштирокида қабул қилган. У ерда жабрланувчига жиноят иши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олингани ва тез кунларда қонуний қарор қабул қилиши айтилган.
Бунинг ортидан ишда тўпланган далиллар асосида Ж.У.га нисбатан 118-моддаси 3-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиниб, суднинг 21 декабрь кунги ажримига асосан унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.