Россия Давлат думаси депутати ва ЛДПР партияси раҳбари Владимир Жириновский Биринчи канал эфирида Украинани 31 декабрдан 1 январга ўтар кечаси бомбардимон қила бошлашга чақирди.
Россиялик сиёсатчи, агар президентнинг ўрнида бўлганида, ўйланиб ўтирмай, ана шундай буйруқ берган бўлишини таъкидлади. “Саҳарги соат 4 ларда, ҳамма ширакайф бўлган пайтда”, дея қўшимча қилган Жириновский.
Аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Украинанинг Россия ёки Чеченистонга “қўшиб олиниши” билан боғлиқ “масалани ҳал қилиш”га ҳозирлигини билдириб, агар унга шунақа топшириқ берилганида, аллақачон бу ишни уддалаган бўлишини қўшимча қилган.
Россиялик сиёсатчиларнинг бу каби кескин баёнотлари Россия билан Украина чегарасида вазият кескинлашган бир пайтда янграмоқда. Ғарб махсус хизматлари Москва Украинага қарши тўлақонли ҳужумга ҳозирланаётганидан огоҳлантирмоқдалар. Кремль урушга тайёргарлик кўрилаётганини рад этяпти.