Ўтган йилнинг баҳор ойларида селдан талафот кўрган ғаллаоролликларга ҳукумат ваъда қилган ёрдам деярли берилмади. Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани қишлоқларидаги селдан жабр кўрган оилалар йил давомида маҳаллий ҳокимият томонидан алдаб келингани, охир-оқибат улар уйсиз қолиб, болалари қиш-қировли кунларда қариндошларининг уйларида яшаётгани ҳақида Озодликка гапирдилар.
Ғаллаорол туманининг Сарбозор қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Қўшсарой қишлоғида истиқомат қилувчи 45 ёшли Ёдгор Шодибоевнинг айтишича, ўтган йилнинг апрел ойидаги сел натижасида 8 хоналик уйи қулаб тушган. Бу воқеадан сўнг, туман ҳокими Илҳом Эшонқулов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси уйни келиб кўрган ва катта ваъдалар берган эди, дейди Ёдгор Шодибоев:
- Тўрт хона уй сел келган пайтда сразу қулади. Қолган уйларга ҳам сув кириб кетган эдию, қуламаган эди. Ҳоким Илҳом Эшонқулов келиб кўрдида, буларини ҳам бузиб ташла, янги уй қурасан ўзимиз ёрдам берамиз, деди. Қўйинг, яшаб турса бўладику десам, йўқ бузиб ташла, мана биз ҳукумат бор, деди. Шу бир хона туриб турсин майли ҳозирча яшаб турайлик дедим. Шунисига кўнди. Қолганини ҳашарчи олиб келиб буздириб ташлади,- дейди Ёдгор Шодибоев.
http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F73586519&show_artwork=true
Унинг айтишича, Қўшсарой қишлоғида селдан жиддий талафот кўрган яна 3 хонадон бўлган. Ҳоким ҳам уларни бутунлай бузиб ташлашни буюрган. Бироқ, дейди Ёдгор Шодибоев, бу ваъдаларни берган ҳоким кейин бизларни унутди:
- Орадан ойлар ўта бошлади. Ёрдамдан дарак йўқ эди. Кейин хотинларимиз вилоят ҳокимлигигача арз қилиб боришди. Сўнгра, бизга беш тонна цемент, 50 дона шифер, мингтача пишган ғишт беришди. Тамом, бошқа ҳеч қандай ёрдам бўлмади. Бунга битта ҳаммом қуриш мумкин, холос. Шунга ҳам ғишти етмайди,- дейди Ёдгор Шодибоев.
Суҳбатдошнинг айтишича, у ўз бисотидаги барча молу-қўйларини сотиб, эски уйнинг тахтаю чўплари билан қариндошлар ёрдамида тўрт хоналик уй қуриб олган:
- Ҳозир бу уй шунчаки кўтарилганича турибди. Битмаган. Болалар бир ойдан бери мактабга боролмаяпти. Уларни бобосини уйига жўнатганмиз. Бир хонали бузилган уйда эру-хотин яшаб турибмиз. Бошқа ҳеч вақомиз қолмади,- дейди Ёдгор Шодибоев.
Қўшсарой қишлоғида истиқомат қилувчи 46 ёшли Тўлқин Мамарасуловнинг айтишича, у ҳам селдан сўнг хотини ва беш фарзанди билан кўчада қолган:
- Бизга ҳам ваъда қилинган ёрдамлар деярли берилмади. Ҳозир соғ қолган битта хонада эру-хотин яшаб турибмиз. Болаларимиз қариндошларникида. Эски тускилар билан бошқа жойдан бир уй кўтариб қўйдигу, ҳали на эшиги ва на деразаси бор. Эски уйларимизни ошхоналарини ҳам ҳоким буздириб ташлади. Ҳар ҳолда вақтинча яшаб турсак бўларди. Ҳозир унисидан ҳам, бунисдан ҳам қуруқ қолдик,- дейди Тўлқин Мамарасулов.
Ўтган йилнинг феврал-апрел ойларида Жиззахнинг Ғаллаорол туманидаги Турк, Жарбулоқ, Чўмичли, Жума, Каризқудуқ, Сарбозор, Довул қишлоқларини сув босган эди.
Сел ва сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2 миллиард 92 миллион сўм маблағ ажратгани ҳақида қарор қабул қилган эди.
Бу қарорга кўра, ажратилган маблағ сув тошқинидан зарар кўрган 234 та уй эгаларининг имтиёзли нархда қурилиш материаллари харид қилиши учун сарфланиши лозим эди.
Бироқ, селдан жабр кўрган ғаллаоролликлар бу ёрдам тўлалигича уларга етиб келмагани ҳақида шикоят қилмоқдалар.
Селдан жабр кўрганлар аҳволидан яхши хабардор бўлган Ғаллаорол туманида истиқомат қилувчи пенсионер Набижон Жўрабоевнинг айтишича, ҳукумат ваъда қилган пуллар ва қўшни вилоятлар кўрсатган ёрдам жабрдийдаларга етиб бормаган:
- Ҳукумат ажратган маблағдан ташқари туман ҳокими Илҳом Эшонқулов ҳаммадан ҳашар учун пул йиққан, ҳатто пенсионерларнинг пенсиясидан ҳам ушлаб қолинган. Бундан ташқари туманга қўшни вилоятлардан камаз-камаз озиқ-овқат, гилам, кўрпа тўшак, кийим-кечак келган. Бунинг ҳаммасини ўзим кўрганман. Лекин бу нарсалар халқнинг қўлига етиб бормаган. Болғалининг Уяс қишлоғидан бўлган 21 аёлнинг ҳукумат ваъда қилган ёрдамни ололмай, вилоят ҳокимига арзга борганини яхши биламан. Бу арздан кейин уларга 200 граммдан, ёғ, 500 граммдан ун ва 500 граммдан гуруч тарқатган, холос. Шу билан халқнинг ташвиши унутилган ва бу пуллар қаёёқа кетганини ҳеч ким билмайди,- дейди Набижон Жўрабоев.
Озодлик мухбири селдан жабр кўрган оилаларга нега ҳукумат ваъда қилган ёрдам берилмагани ҳақидаги иддаоларга муносабат олиш мақсадида, Ғаллаорол туман ҳокимияти билан боғланди. Телефон гўшагини кўтарган, ўзини таништирмаган ҳокимлик мулозимининг айтишича, туман ҳокими Илҳом Эшонқулов айни пайтда ишдан олинган ва унинг устидан тергов давом этмоқда. Бу воқеаларга келажакда тергов жавоб беради, деди ҳокимият мулозими.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди