Жиззах вилоятида бир кунда учта туман ҳокими, вилоят ҳокимига икки ўринбосар тайинланди

Жорий йилнинг 19 январь куни Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманига Шерзод Аҳмедов, Зафаробод туманига Нодирбек Ражапов, Фориш туманига Икром Матиев ҳоким этиб тайинланган. Бу ҳақда Жиззах вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, шу куни Жиззах шаҳрида ҳам ҳоким алмашган. Шаҳар ҳокими Акбар Шукуров бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан мазкур лавозимга Комил Холмуродов тайинланган.

Шунингдек, сешанба куни Жиззах вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда вилоят ҳокими Эргаш Салиевга икки нафар ўринбосар ҳам тайинланган. Хусусан, Жиззах вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимини аввал Фориш тумани ҳокими бўлиб ишлаб келган Абдивали Мустанов, Жиззах вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимини эса Қурилиш вазирлиги Пудрат ва махсус монтаж ишлари бозорини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келган Баҳром Назаров эгаллаган.

Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқуловни аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев “хиёнат”да айблаган, бунинг ортидан мулозим устидан жиноят иши очилганди.

Жиззахдаги “ротация” Мирзиёевнинг мазкур вилоятга ўтган ҳафтадаги сафаридан кейин амалга ошмоқда.