Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги болалар боғчасида тарбияланувчиларни калтаклаган ходима ишдан бўшатилган. Бу ҳақда Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Жорий йилнинг 20 июнь куни ижтимоий тармоқларда бир аёлнинг болаларни шиппак билан ураётгани акс этмиш видео тарқалган эди. Аниқланишича, видеодаги ҳолат Ғаллаоролдаги 16-боғчада содир бўлган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ва Ғаллаорол тумани ММТБ масъуллари томонидан ишчи гуруҳи тузилган. Ҳолат ўрганилиши давомида тасвирда нохуш ҳодиса 16-боғча тарбиячиси томонидан содир этилгани тасдиқланган.
Бунинг ортидан тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ва у эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Бошқарма хабарномасида боғчадаги ҳолат юзасидан хизмат текшируви давом этаётгани қўшимча қилинган.